Ўзбекистон | 01:06 / 24.03.2020
80083
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрини вилоятлар билан боғловчи барча постлар ёпилди

23 мартдан 24 мартга ўтар кечаси Тошкент шаҳрига транспорт воситаларининг кириш ва чиқиши тўхтатилиши маълум қилинган эди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тунги соат 12да Тошкент шаҳрини вилоятлар билан боғловчи барча постлар ёпилиб, пойтахтга кириш буткул тўхтатилган.

Хусусан, Эркин йўл патрул хизмати масканида жараённи бевосита кузатиш учун Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев иштирок этишган.

“Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан кечиктириб бўлмас чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 24 март куни соат 00:01дан бошлаб Тошкент шаҳрига кириб келувчи барча мунтазам йўл-патрул хизмати масканлари, блокпост ва тўсиқпостлар тўлиқ ёпилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб келувчи 5 та блокпост ва 5 та тўсиқпостлар тўлиқ ёпилди.

Фуқаролар томонидан Тошкент вилоятида яшаб туриб, Тошкент шаҳрига қатнаб ишлайдиганларнинг шаҳарга кириши тақиқланадими деган саволлар кўп берилмоқда. Бугунги кунда Тошкент вилоятида доимий рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида ишлайдиган бўлса, ушбу фуқароларга иш берувчилар томонидан махсус рухсатномалар берилган тақдирда уларнинг шаҳарга кириши ва чиқиб кетишларига рухсат берилган. Шаҳарга кириш-чиқиш вақтида ушбу фуқаролар қатъий тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади”, дейди ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати мутахассиси Азизхон Муродов.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати мутахассиси Азизхон Муродов

Аввалроқ Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Қодиров Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги махсус штабида ташкил этилган брифингда карантин даврида вилоятларда илгари фаолият юритган йўл ҳаракати хавфсизлиги масканлари фаолияти вақтинча тикланишини айтган, юзага келаётган муаммоларни тизимли бартараф этиш мақсадида бу чорани қўлланишини билдирган эди.

Постларнинг вазифаси Тошкент шаҳрига кириб келаётган автомобил ҳайдовчиларига ҳаракат чеклангани ҳақида (янгиликлардан бехабар бўлса) ахборот беришдир. Вазир ўринбосари ҳар бир вилоятдаги йўл патрул хизмати масканларида огоҳлантирув ва маълумот бериш тизимини йўлга қўйилиши, масканларда Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари бирга ҳамкорликда хизмат олиб боришни таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, вилоятлар чегараларидаги назорат постлари президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги парламентга мурожаатидан сўнг олиб ташланган эди.

Мавзуга оид