Жаҳон | 00:38 / 25.03.2020
18678
2 дақиқада ўқилади

Жорий нефть инқирози 100 йил ичидаги энг ёмони деб аталди

Фото: Getty Images

Дунёда бир неча ой ичида нефть омборлари ва супертанкерлар арзон нефтга тўлади ва шундан кейин нефть янада арзонлашиши мумкин.

Таъкидланишича, жорий нефть инқирози охирги 100 йил ичидаги энг ёмони ҳисобланади. Бироқ вазият бундан ҳам ёмонлашиши мумкин, чунки тез орада нефть истеъмоли қисқариши кутилмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди. 

Таъкидланишича, нефть бозорига салбий таъсир қилган биринчи омил коронавирус сабабли бутун дунё бўйлаб ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши, давлат чегараларининг ёпилиши ва авиаалоқанинг тўхтатилиши бўлди. Иккинчи салбий омил эса Россия ва Саудия Арабистонининг ОПЕК+’нинг нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувидан чиқиши ҳисобланади. Бунинг натижасида нефть нархи охирги 20 йил ичидаги минимум қийматгача тушиб кетди.  

Шу билан бирга, таҳлилчиларнинг фикрича, нефть бозори янада қулаши мумкин. Одатда кунига 100 млн баррел даражасида ушланиб турувчи нефтнинг дунё бўйича истеъмоли яқин ойларда 10-25 фоизга қисқариши мумкин. Бир неча ой ичида нефть омборлари арзон нефть билан тўлиб-тошади. Худди шу каби ҳолат нефтни сақлаш учун қўшимча қувватлар сифатида қўлланувчи супертанкерлар билан ҳам юз беради.

Бунинг ортида нефть янада арзонлашиши мумкин. Мутахассислар Brent туридаги нефть нархи 10 долларгача ёки ундан ҳам тушиб кетиши мумкинлигини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта Brent нефти нархи 2003 йилдан бери биринчи марта 26 доллардан пастроққа тушиб кетди. Шундан кейин ҳам нефть нархи тушишда давом этиб, 24,72 долларгача пасайган. Охирги савдолар маълумотларига кўра, ҳозирда Brent нархи 28 доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид