Ўзбекистон | 17:51 / 28.03.2020
12393
2 дақиқада ўқилади

Бозорларга маҳсулотларни етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмайди - Бош прокуратура

Ҳаракат қатновлари чекланган шароитда маҳсулотларнинг чекловсиз етказиб берилиши таъминланмоқда

Фото: KUN.UZ

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимовнинг маълум қилишича, сўнгги кунларда республика бўйлаб коронавирус инфекцияси сабабли транспортлар ҳаракатининг чекланиши озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи воситалар учун ўз таъсирини ўтказмайди.

“Томорқа ер эгалари ва фермерлар билан ҳамкорликда маҳсулотларга талаб ошган ҳолатларда бозорни тўлдириш, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини арзонлаштириш мақсадида 16-25 март кунлари республика бўйича 5 000 тоннадан ортиқ картошка, қарийб 2 000 тонна пиёз, 1 300 тонна сабзи, 114 тонна карам, 152 тонна товуқ гўшти, 422 тонна мол ва қўй гўшти, 2,4 млн дона тухум, 628 тонна гуруч, 3 тонна олма ишлаб чиқарувчилар томонидан махсус расталар орқали ички бозорга интервенция қилинди.

Ижтимоий тармоқлар орқали "ҳаракат чекланганлиги сабабли бозорларда маҳсулотлар етказилишида муаммолар юзага келиши мумкинми", деган саволлар кўп берилмоқда.

Бу саволлар бўйича - ҳаракат қатновлари чекланган шароитда юк автомашиналари ва маҳсулотларнинг чекловсиз ҳамда тўсқинликсиз етказиб берилиши таъминланмоқда. Чунки, ушбу чеклов юк автомашиналари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳаракатига таъсир кўрсатмайди”, – деди у АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда.

“20 март кунидан бошлаб юз ниқоблари тиббиёт буюмлари рўйхатидан чиқарилиб, ишлаб чиқариш ва сотишда лицензия талаб этиш тартиби бекор қилинди.

Ишчи гуруҳ томонидан кўрилган чоралар натижасида 27 март ҳолатига стандарт асосида тиббиёт юз ниқоблари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 28 тадан 154 тага, маҳсулот ҳажми эса кунига 2,1 млн донага етказилишига эришилди.

Ўтказилган таҳлилларда, кўп марта фойдаланиладиган ниқоблар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлган 353 та тўқимачилик корхонасининг рўйхати шакллантирилиб, улар томонидан бир кунда 5,2 млн дона маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати мавжудлиги аниқланди”, – дея қўшимча қилди Дилшод Раҳимов

Мавзуга оид