Айни кунларда аксарият аҳоли эпидемиологик вазиятдан яхши хабардор ва уйида қолмоқда. Маҳалла ходимлари эса эшик тақиллатиб келиб мулоқотга чорлаяпти, «уйда қолинг, биров билан мулоқот қилманг», деб ёзилган буклетни беряпти. Аввалроқ у қанчадан-қанча хонадонларнинг эшигини тақиллатган…

Аввалига таҳририятимизга Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги маҳаллаларда МФЙ ходимлари уйма-уй юриб, аҳолига коронавирус бўйича тушунча бераётгани тўғрисида хабар келиб тушди.

Ижтимоий тармоқларни кузатарканмиз, бу ҳолат бир ёки икки туманда эмас, республика бўйича жуда кўплаб ҳудудларда давом этаётганига гувоҳ бўлдик. Айтайлик, Жиззах вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг «Фейсбук»даги саҳифасида бир неча ташкилот вакилларидан иборат бутун бошли жамоанинг уйма-уй кириб тарғибот ўтказаётгани хабар қилинган:

Ҳеч қанча ўтмай Ургут тумани ҳокимлиги расмий каналида ҳам бу ҳақда ахборот берилиб, тумандаги юздан ортиқ маҳаллалар буклет тарқатаётганини маълум қилди. Қизиғи, ушбу буклетнинг номи «Коронавирус тарқалишининг олдини олишнинг энг муҳим шарти карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этиш». 

Қашқадарё вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси каналида эса хонадонларда тарғибот ишларини ўтказиш борасида деярли барча туманлар маълумот берган.

Айтаваерсак, мисол жуда кўп, Қашқадарёда ҳам, бошқа вилоятларда ҳам кўплаб туманларда аҳоли хонадонларига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб борилаётгани ҳақидаги хабарлар ва фотосуратлар «завқу шавқ билан» ижтимоий тармоқларда жойланмоқда.