Ўзбекистон | 14:35 / 28.03.2020
151081
4 дақиқада ўқилади

Муносабат: Ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак

Коронавирус пандемияси хавфи ортиб бориши билан қатор давлатларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссияси татбиқ этаётган чора-тадбирлар ҳам фавқулодда ҳолат шароитида қабул қилинадиган қарорлардан четда эмас, аслида. Шундай экан, фавқулодда ҳолат эълон қилишнинг ҳукумат ва халққа қандай нафи бор?

Фото: KUN.UZ

Фавқулодда ҳолат деганда давлатнинг бутун ҳудудида ёки унинг алоҳида ҳудудларида барча ташкилотлар учун алоҳида ҳуқуқий режим бўлиб, мамлакатда яшаб турган барча шахслар ҳуқуқ ва эркинликларини, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқларини чеклашга, шунингдек, уларга қўшимча мажбуриятлар юклаш каби чоралар белгиланиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига ёки давлатнинг конституцион тузумига бевосита таҳдид соладиган, фавқулодда чораларсиз уларни бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мажмуи тушунилади.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинишида муайян хавфга қарши курашувчи ҳукуматнинг тезкор қарор қабул қилиш имконияти ошади, мақсадга эришиши осонлашади. Масалан, таҳдид ва хавфга қарши курашда молия-бюджет юритиш ишида мустақиллик қўлга киритилади. Бундан ташқари, мавжуд қонунчилик нормаларини чеклаб, вақтинча тартиблар ўрнатилиши мумкин.

Биринчидан, вирус хавфини бартараф этиш учун мавжуд ресурс ва техникаларни сафарбар этишдаги бюрократия четлаб ўтилади. Масалан, бюджет пуллари аллақачон тасдиқланган, шунингдек "ички чўнтакдаги" жамғарма пулларидан ҳам турли мақсадларда фойдаланиш имконияти кенг эмас. Фавқулодда ҳолат эълон қилинган тақдирда, ҳукуматнинг бюджет ва бошқа молиявий манбаларни бошқариш эркинлиги ошади. Қолаверса, мавжуд техника ва ишчи кучини сафарбар этишда идоралараро бюрократия четлаб ўтилади.

Иккинчидан, вирус хавфи кенг тарқалиб, авж олса, давлат томонидан фуқаролар шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиши кузатилади. Бунда аҳоли жамоат жойида бемақсад бўлгани, карантин тадбирлари тартибини бузгани учун жазоланиши мумкин. Бошқа нигоҳдан баҳо берилса, қонунларда белгиланган нормалар ҳам бузилади: инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилиши мумкин. Шунинг учун, фавқулодда ҳолат эълон қилиниши билан давлат ва жамиятда "қўл бошқаруви"га ўтиш зарур. Бунда парламент қўллаб-қувватлови талаб этилмайди ва ҳукумат махсус комиссияси пайдо бўлган хавф даври учун вақтинча декретлар қабул қилади. Шу пайтга қадар ўрнатилган тартиб ва қонунлар махсус комиссия декретлари билан вақтинча амал қилмаслиги ёхуд ўзгартирилиши мумкин.

Учинчидан, қабул қилинган халқаро норма ва ривожланган айрим давлатлар тажрибасида мамлакат ҳарбийлари, хусусан армия кучларидан ички ишларда фойдаланиш тақиқланган. Шунга қарамай, фавқулодда ҳолат эълон қилинган тақдирда ҳукумат армия кучларини ҳам маҳаллий ҳокимлик ва идораларга кўмак бериш учун сафарбар этиши мумкин. Бунинг мисоли ҳарбий тиббий госпиталлар қурилиши, карантинга олинган ҳудудларни қўриқлаш ҳамда аҳоли тинчлигини таъминлаш мақсадида постлар ташкил этишда кўринади.

Хулоса қилиб айтганда, коронавирус пандемияси тарқалишига кураш фонида ҳукумат мураккаб қарорлар қабул қилишга мажбур, аммо у ўз шароит ва имкониятини фавқулодда ҳолат эълон қилган ҳолда кенгайтириши мумкин. Вирус нафақат мамлакат аҳолисига, балки бир вақтнинг ўзида иқтисодиётга ҳам кучли зарбалар бермоқда. Ҳукумат эса халқ осойишталигини таъминлаш, шу билан бирга, иқтисодиётга етаётган зарарни камайтиришга интилиши лозим.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид