Республика махсус комиссияси қарорига кўра  1 апрелдан жорий қилинган янги карантин чоралари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилган эди.Бундан мақсад коронавирус пандемияси тарқалиши шароитида кекса ёшдаги фуқароларни эҳтиётлаш ҳисобланади.Янги тартиб бўйича эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли тарзда етказиш тадбирлари эндиликда марказлашган тартибда ташкил қилинади.Бу вазифани эса Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил қилинган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази амалга оширмоқда.Хўш, биз нега бу тартибга яна қайта мурожаат қиляпмиз? Гап шундаки, бир неча кундан буён Kun.uz сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ижтимоий ёрдамни олиш ва унинг шартлари борасида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.Сайт мухбири етиб келаётган саволларни таҳлил қилган ҳолда улар орасида энг кўп берилаётганлари бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева билан блиц-интервью ташкил қилди.Ушбу суҳбат орқали сиз ижтимоий ёрдамни олиш шартлари борасида энг керакли маълумотлар билан танишасиз.

 Савол: Ижтимоий ёрдам олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

 Жавоб: 11-97 рақами орқали Маълумот марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан мурожаат қилувчилар Марказнинг ҳудудий Маълумот марказлари билан тўғридан-тўғри боғлаб берилади. Шунингдек, ҳудудий бошқармаларнинг тегишли рақамлари ҳам ишлаб турибди.

 Савол: Ижтимоий ёрдам кимларга берилади?

 Жавоб: Ижтимоий ёрдам маҳсулотлари маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кексалар ва нуронийлар, доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари, шунингдек, карантин туфайли кунлик ишга чиқа олмаётган фуқароларнинг оилаларига етказиб берилади.