Ўзбекистон | 18:43 / 10.04.2020
21322
3 дақиқада ўқилади

Тошкентга Хитойдан тиббиёт ускуналарининг навбатдаги партияси олиб келинди

10 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Шанхайдаги Бош консуллиги томонидан шакллантирилган беғараз инсонпарварлик ёрдамининг тўртинчи жўнатмаси Тошкентга етиб келди.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, инсонпарварлик ёрдами билан бирга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилинган тиббий ускуналар ҳам Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида олиб келинган.

Хитойдан олиб келинган қимматли юк таркибига функционал тиббий кроватлар, ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари, полимераза занжирли реакцияси қурилмалари, болалар ва катталар учун ниқоблар билан таъминланган амбуқоплар, рақамли рентген диагностика тизимлари, эхокардиография ва томир доплерлари учун кардиология сенсори бўлган ультратовуш аппаратлари ҳамда чақалоқлар учун ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари киритилган.

Шунингдек, улар орасида билирубинни тери орқали аниқлашга мўлжалланган жиҳозлар, жарроҳлик амалиёти учун мўлжалланган лампалар, ҳаво қабул қилиш шкафлари, жарроҳлик амалиёти столлари, гидравлика билан бошқариладиган столлар, «ANDiS 350» таҳлил ускуналари ва бошқа тиббий воситалар ҳам бор.

«Ушбу инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистонда фаолият юритаётган Хитой тадбиркорлари уюшмаси, шунингдек, «Beizhong Yiling», «Narimtex», Янлин қишлоқ хўжалиги намойиши ҳудуди, «Jiu Mu Touzi», «China Construction», «Jiangsu Newamstar Packaging Machinery», «Jiangsu Penfei», «Xiamen Pegasus», «Holley Technology», «Nanjin Sinopec», «Luoyang Daxing company», «Shanghai Municipality», «Liaoning Leader Investment Holding Group Co.,Lld.», «Sany Heavy Industry Co.,Ltd» каби компания ва ташкилотлар томонидан тақдим этилди», – дейилади хабарда.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Одил Аҳмедов ва  тадбиркор Гулбаҳор Тожимирзаеванинг тиббий буюмлар кўринишидаги хайрия юклари ҳам ушбу самолётда олиб келинди.

Аввалроқ «Alibaba Group» компанияси ва унинг асосчиси Жек Ма тузган жамғарма коронавирусга қарши кураш доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам инсонпарварлик кўмагини кўрсатган эди. Ҳимоя ниқоблари ва комбинезонлар, тест тизимлари, пирометрлардан иборат юкнинг асосий қисми 6 апрель куни олиб келинган эди. Бугун эса жамғарма тақдим этган нафас йўлларида ижобий босимни таъминлайдиган 10та аппарат ҳам Ўзбекистонга етказилди.

«Ўзбекистон элчихонасига Хитойнинг турли ҳудудларидаги шериклардан коронавирусни енгишда зарур дори-дармон, тиббий восита ва ускуналарнинг келиши давом этмоқда», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид