Конференцияда пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалар, жумладан, иқтисодиёт, туризм, авиация, бизнес ва бошқа 25та соҳаларда қандай вазият кузатилиши, муаммо ечимлари бўйича спикерлар ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

– Халқаро конференция мақсади нималардан иборат?

– Бутун дунёда пандемияга қарши қаттиқ кураш кетмоқда. Барча тармоқлар жуда катта инқирозга юз тутмоқда. Ҳар бир мамлакат, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам оғир даврни бошдан кечиряпти. Ҳукумат вазиятдан иложи борича камроқ талафот билан чиқиб олишга ҳаракат қиляпти. Кўрилаётган оқилона чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайман.

Мана шундай вазиятда биз фуқаролар нима қилишимиз мумкин, деб ўйладим. Халқаро тажрибани битта платформага йиғиб, ҳар бир тармоққа фойдаси тегадиган йўл хариталарини тузиш ғояси келди.

Шунга асосан илк маротаба World Coronavirus Virtual Conference номи остида бутун дунёдан сиёсатчи, шифокор, йирик фармацевтик компаниялар эгалари, бизнес соҳаси вакилларини виртуал конференция атрофига йиғмоқчимиз. Ҳар бир мутахассис ўз соҳасидан келиб чиқиб, коронавирус таъсирини юмшатиш бўйича қимматли тавсиялар беради.

Конференция мавзуси – коронавирус пандемиясининг келиб чиқиши, бугуни ва эртаси

Мақсадларимиз аниқ. Биринчидан, эпидемия олдини олишга қаратилган энг самарали тажрибаларни ўрганиш. Иккинчидан, COVID-19нинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш. Учинчидан, инқироздан чиқиб кетишда йўл харитаси ишлаб чиқиш. Тўртинчидан, коронавирус таъсири бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар қилиш.

– Конференцияда қатнашувчи экспертлар билан қандай боғландингиз?

– Касбим тақозоси билан кўплаб халқаро бизнес форумларда қатнашганман. У ерда таниқли сиёсатчи, бизнес вакиллари ва бошқа мутахассислар билан танишиб, мустаҳкам алоқа ўрнатиш имконияти бўлган. Айни вақтда дунё бўйлаб 500 нафарга яқин турли соҳа вакиллари билан алоқа ўрнатганман. Онлайн конференция ўтказиш таклифи билан чиққанимда кўпчилиги рози бўлишди.

Уларнинг кўпчилиги билан LinkedIn бизнес тармоғи орқали боғландим. Microsoft компанияси асосчиси, миллиардер Билл Гейтс, рафиқаси Мелинда Гейтс билан боғланиш учун эса уларнинг ишчи электрон почтасини қидириб топдик ва ўз мақсадимизни тушунтирдик. Тез кунларда ижобий хулоса олиш ниятидамиз.