Жамият | 11:58 / 13.04.2020
8263
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳайдовчилари стикерсиз ҳаракатланган 153та автомобиль жарима майдончасига жойланди

Тошкент шаҳар ИИББ автотранспорт ҳаракатланишига нисбатан ўрнатилган тақиқни бузганларни аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижаси тўғрисида маълумот берди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Йўл-патруль хизмати ва Миллий гвардия ҳамда санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан 12 апрель куни Тошкент йўлларида умумий 462та қоидабузарликлар аниқланди. Улардан 205та йўл ҳаракати қоидабузарлиги фактлари қайд этилди. 247та автомобиль жарима майдончасига жойланди.

257 та автомобиль ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) кўра баённомалар расмийлаштирилган.

Улардан 153та автомобиль ҳайдовчилари тегишли рухсатномасиз (стикер) шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётгани учун жарима майдончасига жойланди. Уларга нисбатан СЭХ ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 2-қисмига (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) кўра баённомалар расмийлаштирилди. 

Мазкур моддага биноан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача яъни (4 млн. 460 минг сўмдан 6 млн. 690 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача яъни (6 млн. 690 минг сўмдан 11 млн. 150 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Мавзуга оид