Ўзбекистон | 13:30 / 15.04.2020
16798
2 дақиқада ўқилади

Мамаризо Нурмуратов: Пенсия пластик карталаридан комиссион тўловлар олмаслик ёки кам миқдорда олиш масаласи кўриляпти

Онлайн брифингда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов карантин ҳолатида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бўйича саволларга жавоб қайтарди. У пенсиялар пластик карталарга ўтказилиши масаласида изоҳ берди.

«Бу масала 10 кун олдин муҳокама қилина бошланган. Маълумки, махсус комиссия қарорига биноан Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида пенсиялар 1 майдан бошлаб пластик карталарга ўтказиб берилиши белгиланди. Зарур ҳолларда нақд пул олиш муаммо бўлмайди. 5,5 мингта банкоматдан қарийб мингтаси «Халқ банки»никидир.

Бошқа банкларда ҳам пенсия пластик карталаридан комиссион тўловлар олмаслик ёки ярим фоиз миқдорида олиш масаласи кўриляпти. «Ҳумо» карталари учун яна 35 мингта тўлов терминалларини олиб келдик. Демак, тўловлардаги муаммолар ҳам ечим топади», деди у. 

Мамаризо Нурмуратов мавжуд кредитларни сўндириш бўйича бўйича ҳам ойдинлик киритди.

«Ҳозир чўзиб берилган кредитлар бўйича бир нарсага аниқлик киритмоқчиман – 1 октябрдан кейин йиғилиб қолган фоизлар бирдан тўланмайди. Олдин қандай тўланган бўлса шундай тўланаверади. Шунчаки 6 ой имтиёзли муддат қўшилади ва кредит муддати узайтирилади.

Қайта молиялаш ставкаси олдинги кредитлар фоизига таъсир қиладими, деган саволга келсак, ҳа, агар кредит шартномасида шу ставкага боғланган бўлса, таъсир қилади. Яъни бир фоизга пасаяди. Биздаги кўпчилик ипотека кредитлари қайта молиялаш ставкасига боғланган. Демак, уларнинг фоизлари ҳам бир фоизга пасаяди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид