Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг 2020 йил 14 апрелдаги қарорига мувофиқ, республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар 2020 йилнинг май ойидан пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга оширилади. Пенсия жамғармаси ушбу қарор бўйича тушунтириш бериб, қарорни қабул қилишдан асосий мақсад – пенсионер ва нафақа олувчиларнинг соғлиғини сақлаш ва коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш эканини маълум қилди.
Махсус комиссия қарори: Пенсиялар пластик карталарга ўтказилади
Карантин даврида пенсия тўловлари банк пластик карталари орқали амалга оширилади.
Пенсионер ва нафақа олувчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга ошириш тартиби қуйидаги муддатларда йўлга қўйилади:
- 2020 йилнинг май ойидан – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун;
- 2020 йилнинг июнь ойидан – республиканинг барча ҳудудларидаги фуқаролар учун.
Биринчи навбатда, Халқ банки томонидан пенсия ва нафақаларини нақд пулда олувчи барча фуқаролар учун банк пластик карталари очилади.
Бунда фуқаролардан паспорт нусхалари ва бошқа ҳужжатлар талаб этилмайди. Пенсия жамғармаси ҳамда Халқ банки ўртасида электрон маълумот алмашинуви амалга оширилади. Пластик карталар фуқароларнинг оворагарчилигисиз расмийлаштирилади, пенсия ва нафақа олувчиларнинг банк бўлимларига бориши талаб қилинмайди.
Пенсия жамғармаси томонидан фуқароларнинг пенсия ва нафақа маблағлари уларнинг Халқ банкида очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади.
Махсус комиссия тавсиясига кўра, қоғоз шаклидаги ҳужжатлар орқали коронавирус тарқалишининг хавфи юқори эканлиги инобатга олинган ҳолда фуқаролардан ариза талаб этилмайди.
Шундан сўнг пенсия ва нафақа олувчиларга очилган банк пластик карталари маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича белгиланган пенсия ва нафақаларни етказиш графикларига мувофиқ, Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларига етказилади.










