Ўзбекистонда коронавирус аниқланмасидан олдин водий вилоятларида 50 килограммли бир қоп Қозоғистон уни 160-180 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирда қимматлашиб, 210-220 минг сўмга кўтарилган.

Маҳаллий унлар савдода деярли йўқ. Мабодо, дўконларга келиб қолса ҳам, март ойнинг аввалида 135-140 мингдан сотилган 50 килоли Андижон ёки Қува уни ҳозирда 165-170 минг сўмдан сотилмоқда.

Андижон вилоятида айни пайтда учта«Қўрғонтепадонмаҳсулотлари», «Асакадонмаҳсулотлари» ва «Андижондонмаҳсулотлари» корхоналари ишлаб турибди. Уч корхона бир кунда 500 тонна миқдорида ун ишлаб чиқаради.

Хўш, бир вилоятда ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи учта корхона ишлаб турган бўлса-ю, нега сотувда маҳаллий ун йўқ? Кунига ишлаб чиқарилаётган 500 тонна ун қаерга кетмоқда? Шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрдик.

Аввало таъкидлаш жоиз, маҳаллий унни топиш муаммо бўлса-да, дўконларда қиммат қозоқ уни бор.

Туман маркази ёки қишлоқдаги қайсидир дўконга маҳаллий ун келса, навбатлар пайдо бўлиб, ҳар бир харидорга маълум чеклов асосида бериляпти.

Андижон шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида бўлганимизда, аҳолига маҳаллий уннинг бир килограммини 2800 сўмдан, унда ҳам ҳар бир кишига фақат беш килодан сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

Арзон маҳаллий ун савдода йўқлиги юзасидан таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Улардан айримларига диққат қаратсак.

Дилмуроджон Парпиев, Пахтаобод тумани:

– Пахтаобод туманидаги дўконларда 17 мартдан бери маҳаллий унлар умуман йўқ. «МФЙ орқали оласизлар» дейишганди, лекин маҳалладаги дўконга ун келса, навбат узун бўлиб, қаторни бошидаги дўкон атрофидаги оилалар оляпти холос. Қозоқ унларининг нархи кундан-кунга қимматлашяпти. Яқинда 180-185 минг сўмдан сотилаётган унлар 200 минг сўмдан ошди. Нега маҳаллий Андижон, Асакада ишлаб чиқарилган унлар йўқ?

Муҳаммадортиқали Абдураҳмонов, Булоқбоши тумани:

– Нефтпром қишлоғида маҳаллий ун йўқ. Кулла ҚФЙдаги дўконда гоҳ-гоҳида 140 мингдан сотилаётган эди. Ҳозир келмай қолди. Қиммат қозоқ унлари бор. «МФЙларга навбат билан 155 минг сўмдан маҳаллий ун тарқатилади», дейишди. Аммо тарқатилганини кўрмадик. Вазият жиддий.