«Айни пайтгача 100 мингдан ортиқ инсон коронавирус бўйича тестдан ўтказилди. Яқин вақт ичида ушбу рақамлар ярим миллионга етказилиши режалаштирилган», – деди Ҳабибулла Оқилов 19 апрель куни АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда.

Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Алматов 17 апрелга қадар Ўзбекистонда 136 минг киши коронавирусга текширилганини маълум қилганди.

Ундан олдин эса коронавирус юқтириши эҳтимоли юқори бўлган касб эгаларидан тест олина бошланиши мумкинлиги айтилган эди.

Коронавирусга тест қандай топширилади?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бугунги брифингда Ҳабибулла Оқиловнинг бошқа саволларга берган жавобларини ҳам келтириб ўтди.

Вируснинг енгил ёки оғир кечиши қондаги резус-факторга боғлиқми?

Йўқ, қон гуруҳи ва резус-факторга касаллик кечишининг алоқаси йўқ.

Врач акушер-гинекологман. 18 апрелда мутахасислигим бўйича аттестациядан 5 йил ўтгани туфайли қайта ўтишим керак эди. Карантин туфайли Тошкентга бора олмайман. Бухгалтерия тоифа муддати тугаши ҳақида хабар қиляпти. Бу қандай бўлади?

Карантин даврида барча тоифалар муддати узайтирилади ва тоифага боғлиқ бўлган тўловлар тўланиши давом этаверади. Тоифага аттестация карантиндан сўнг топширилади.

Етказиб бериш хизматида ҳайдовчиман. Ҳар гал «ГАИ» ходимлари тўхтатганда ҳужжатларни қўлига олиб текширади. Бирида қўлқоп бор, бирида йўқ. Коронавирус қоғоз ва пластикда бир неча кун яшаши тўғрисида маълумотлар бор. ЙПХ ходимлари ўзи тарқатувчи бўлиб қолмайдими?