Kun.uz мухбири воқеа тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида журналист билан боғланди.

Маълумки, шаҳар ва туманларда аҳолига арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида ярмаркалар ташкил этилади. Журналист 21 апрель куни соат 9ларда туман марказидаги ярмарка ва бозорчадаги ҳолатни ўз телефонида тасвирга  туширмоқчи бўлади. Бунга сабаб, Учкўприк тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали коронавирус пандемияси вақтида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Мадраҳимованинг айтишича, савдо шохобчасидаги ҳолат бошқачароқ бўлган.

«Донаси 500 сўмдан деб нарх ёпиштириб қўйилган тухум олмоқчи бўлганимда, сотувчи ҳар бир одамга фақат 5 донадан сотилишини айтди. Килограмми 42 минг сўмдан бўлган гўшт ўта сифатсиз бўлиб, сарғайиб уч-тўрт кун турди, биров олмади. Чиришга келган картошканинг килоси 2500 сўм бўлиб, фойдаланишга ярайдиган эмас эди. Учкўприк деҳқон бозорида эса нарх наво-қиммат.

Мен Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ярмаркада арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётгани ҳақида фейсбукда хабар қўйилгач, пост остида ўз эътирозимизни билдирган эдим. Мени ва туманда яшовчи блогер Дилшодбек Далиевнинг Учкўприкда айни пайтда нархлар қиммат эканлиги ҳақидаги  фикрларимизга Учкўприк тумани ҳокими Акмал Маҳмудалиев эътироз билдириб, бизни «фақат ёмон томонини кўришда, яхши томонини кўрмаслик»да айблади. Шунинг учун ҳақиқий ҳолатни билиш мақсадида кеча ярмаркадаги ҳолатни тасвирга олмоқчи бўлдим», дейди Шарифа Мадраҳимова.

Журналист ярмаркага бориб, ҳолатни телефонида видео ва фото тасвирга олаётганида ўзини «туман ҳокимлиги вакили», дея таништирган Шоҳжаҳон Мўйдинов келиб телефонини тортиб олади. Туман ҳокимлиги вакили шу атрофда бўлган ИИБ вакилини чақиради ва ИИБ ходими Шарифахон Мадраҳимовага шахсини аниқлаш учун ИИБга бориш кераклигини айтади. Ўша пайтда журналистнинг ёнида гувоҳномаси бўлмаган.

Мадраҳимова туман ИИБга олиб борилади. Унинг ёнида бўлган турмуш ўртоғи у журналист эканини тасдиқловчи ҳужжатни олиб келиш учун уйга қайтади.

«ИИБга борганимиздан сўнг турмуш ўртоғим у ерга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан берилган гувоҳнома ва «Маърифат» газетаси мухбири эканим ҳақидаги ҳужжатларни олиб келди. Ҳужжатларни кўргач, ИИБ ходимлари гувоҳномаларда амал қилиш муддати йўқлиги, улар ҳақиқийлигини тасдиқлаш кераклигини айтишди. Мен вилоят журналистлари ижодий уюшмасига аъзолик гувоҳномаси бошқарувчи Муҳаммаджон Обидов томонидан берилгани, телефон қилиб аниқлик киритиш мумкинлигини айтдим. Ходимлар Муҳаммаджон Обидовга қўнғироқ қилишди. У киши эса «Гувоҳномани қачонлардир берганмиз. Бу ҳужжат ҳақиқий эмас. Қонуний чора, жазо кўраверинглар», деди. Хона кичик бўлгани учун унинг овози бизга ҳам аниқ эшитилиб турарди. ИИБ ходими «Мана Муҳаммаджон Обидов ҳужжат ҳақиқий эмаслигини тасдиқлади», деди.