Ўзбекистон | 18:08 / 22.04.2020
10668
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қурилаётган махсус касалхоналарни кейинчалик кўп тармоқли шифохоналарга айлантириш мумкин

Коронавирусга қарши кураш доирасида қурилаётган касалхоналарда яратилаётган шароитларни инобатга олиб, келажакда уларнинг ҳар биридан кўптармоқли шифохона сифатида фойдаланиш мумкин, деб маълум қилди Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Жамолиддин Қаландаров.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Қаландаров бу ҳақда 22 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган онлайн брифингда маълум қилган.

Унинг айтишича, гарчи бу шифохоналар қисқа муддатда қуриб фойдаланишга топширилиши мўлжалланган бўлса-да, улар ЖССТ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғинга қарши бош бошқармаси ва «Uztibloyiha» ихтисослашган лойиҳа ташкилоти ҳамкорлигида, халқаро талабларга мос лойиҳалар асосида қурилмоқда.

«Бу шифохоналар келажакда халқ учун беминнат хизмат қиладиган биноларга айланади, деб айтиш мумкин.

Карантин мажмуалари эса карантин муддати якунлангач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги билан ҳамкорликда керакли йўналишда фойдаланилиши мумкин», – деди Қурилиш вазирлиги вакили онлайн брифингда.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманлари, Андижон, Наманган, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида коронавирус беморлари учун 10га яқин шифохона қурилмоқда.

Мавзуга оид