Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида сўз олган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров президент илгари сурган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ҳақида тўхталиб ўтди.

«Муҳтарам президентимизнинг ғоялари – тадбиркорларни ёрдамчи қилиб олиш. Уларнинг пулини олиб, ишлатиш эмас. Давлат ўзининг елкасидаги вазифани тадбиркорнинг елкасига илмоқчи эмас. Бир сўм бўлса, бир сўм, бир миллиард бўлса, бир миллиард сўм пулини унга қоплаб бериш ҳақида аниқ топшириғимиз бор. Мана, Молия вазири ҳам буни керак бўлса, тасдиқлаб беради.

Бу қандай бўлади деган саволга, шу суммага фойдага тортиш солиқ базаси камайтирилади ёки уни маҳаллий солиқлардан бўлган тўловлари – келгуси тўловларими, мисол бу ер-мулк ва ҳоказо солиқлар... Маҳаллий кенгашда ҳуқуқ бор, шуни 6 ойга чўзиб беришлари мумкин. Ёки банкка мурожаат қиладиган бўлса, банкда кредитларини узайтириш мумкин. Ёки керак бўлса, шу ташкилот 3-сменада ишлаяпмиз, кечасига электрни арзонлаштириб беринг деса, электр энергиясини 50 фоизгача арзонлаштириб берамиз.

Яъни тадбиркор биринчи навбатда маблағи билан эмас, ҳаракати билан давлат билан ёнма-ёнма ён турибди. Шунинг учун унинг ҳар бир сўми қоплаб берилади. Бу ҳақида умуман шубҳа бўлиши мумкин эмас», – деди Жамшид Қўчқоров.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 20 апрель кунги видеоселекторда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Унга асосан, тадбиркорлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиб, бу ҳисса миқдорига қараб давлатдан турли имтиёзлар олади.