Kun.uz пандемия ва инқироз мавзуси билан боғлиқ масалаларга оид суҳбатларни давом эттиради. Бу гал туризм соҳасига бевосита алоқадор бўлган хусусий сектор вакиллари – Жонибек Насриддинов, Мансуржон Расулжонов ва Ҳусан Саибжонов билан пандемия даврида юзага келган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича ўз мулоҳазасини билдирди.
– Пандемия ва инқироз даврида ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам ижтимоий муносабатларнинг бузилиши жиҳатидан катта зарбалар туризм соҳасига келиб тушди. Ҳозирги пайтда соҳа қандай чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда?
Жонибек Насриддинов, All Trip компанияси иш юритувчиси:
– Дунё туризмида одамлар саёҳат қилмаяпти. Ҳозирга келиб, тахминан 3 млрд нафар одам изоляцияда ўтирибди. Дунё туризмида 75 млн.га яқин иш ўрни йўқотилган.
Ўзбекистоннинг ўзида ҳам тахминан 45-50 мингга яқин бронлар бекор бўлгани ҳақида маълумот бор. Бу жуда ҳам ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Турфирмалар энди қандай қилиб ўзини қоплаши керак, деган саволга жавоб зарур. Пандемиядан кейин ҳозирги ҳолатдан қандай чиқамиз, деган савол қийнаяпти.
2008 йилда бўлган инқироздан кейин туризм жадал ривожланиб кетган эди. Лекин 2008 йилдаги вазият билан ҳозирги ҳолатнинг фарқи бор. Чунки у пайтда ҳамма гап молиявий муаммоларда эди, ҳозир эса одамларнинг саломатлиги ҳақида гап бормоқда. Ҳар бир авиакомпания, турим сектори ҳам мижозларнинг соғлиги билан боғлиқ масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши керак. Давлатлараро туризмни ривожлантириш учун энди қандай талаблар қўйилиши бизни ўйлантиради.

– Туризм соҳасида ишни бирданига музлатиб қўйиш катта молиявий, иқтисодий тебранишларга олиб келади. Бу жараёнлар сизнинг фаолиятингизга қандай таъсир қилди?
Мансуржон Расулжонов, Vast Travel компанияси директори:
– Гап шундаки, иш шунчаки тўхтамади, балки катта зарарлар билан тўхтади. Чунки аввалроқ турпакетлар, чипталар сотиб қўйилган, хизмат кўрсатаман, деб даромадлар олинган. Сотилган чипталар 1-2 ой кейинга олинган. Ўртада валюта курси ўзгарди, чипталарни қайтариш масаласи бор. Келажакда бу зарарларни қоплаш учун қандай ҳаракат қилиш ҳар бир тадбиркорнинг ўз масъулияти, молиявий аҳволини қандай баҳолагани, жамғармаси қанчага етишига боғлиқ. Агар жамғармаси йўқ бўлса ёки жамғармасини тўғри йўналтира олмаса, кичикроқ тадбиркорлик субъектлари, мисол учун, турагентлар соҳадан чиқиб кетишига тўғри келади.

















