Алламжонов Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида пандемиянинг ОАВга таъсири ҳақида гапирар экан, газеталар бора-бора қоғоз шаклдан воз кечишига тўғри келишини айтган эди.
«Фикримча, матбуот ҳам оғир даврга кириб келмоқда. Хусусан, босма нашрларга келадиган бўлсак, уларнинг келажагини кўрмаяпман. Аслида, бу инқирозлар бошланмаганида ҳам, газеталар – аллақачон ўтмиш маҳсулоти.
… Газета таҳририятлари ҳам келгусида қийналиб қолмаслик учун зудлик билан интернетга мослашишлари керак бўлади», – деганди фонд раҳбари.
Ушбу интервью Kun.uz`да ҳам эълон қилиниши ортидан, ижтимоий тармоқларда «Ишонч» – «Доверие» ва «XXI аср» газеталари бош муҳаррирларининг Алламжонов билдирган фикрларга кескин муносабати эълон қилинди.
Комил Алламжонов ўз Telegram-каналида ушбу танқидларга эътибор қаратди.
«Ҳурматли, юзлаб журналистларга ойлик маош тўлаб, уларнинг турмуш тарзига масъул бўлган босма нашрларимизнинг бош муҳаррирлари! Мени роса койибсиз, дилингиз оғриганини билдирибсиз», деб ёзади Алламжонов.
У юқоридаги газеталар бош муҳаррирларига қатор саволлар билан юзланган:
«Қани айтинг-чи, бугун иқтисодий аҳволингиз қандай? Журналистларга ўз вақтида ойликларни тўлашга қийналмаяпсизми? Қўл остингиздаги ҳалол ва ватанпарвар ходимларингиз келажаги ҳақида қайғуряпсизларми? Мана бир мисол, айни шароитда газеталарнинг қоғоз вариантини қандай қилиб ўқиш мумкин? Уни тарқатиш ҳам мумкин эмас, муштарийлар кўчага чиқиши ҳам мумкин эмас. Ҳамма карантинда. Фақат биз эмас, барча ташкилотлар карантинда дерсиз. Ундай бўлса ўқувчилар янгилик ва маълумотларни қаердан олиши керак? Пандемия вақтида халқни хавфдан ким огоҳ этади, ким аҳоли орасида тарғибот олиб боради? Албатта, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ёки телерадиоканаллар. Улар тинимсиз ишлаб турибди. Рекламадан озми кўпми даромад қилишяпти, ходимлари рўзғорини тебратмоқда.
Айнан шу карантин даврида ўқувчиларингиз аллақачон бошқа ресурсларда. Эртага Сизларга обуна бўлган минглаб муштарийлар карантин давомида қоғоз вариантдаги газеталарни олмаганликларини, шу сабабли улар билан қайта ҳисоб-китоб қилишингизни талаб қилишса, унда янада оғирроқ иқтисодий аҳволга тушиб қолмайсизми?» – дея савол берган Комил Алламжонов.















