Уч оёқли дастур амалга ошадими? 

Ёш чоғидаёқ подшоҳликка номзод сифатида кўрилган, келгусида Саудия Арабистонининг подшоҳи бўлиши кутилаётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон миллий ва халқаро кучларда ўзига нисбатан ишонч уйғотиш учун улкан муваффақиятларни қўлга киритиши керак эди. У тахтга олиб борувчи йўл стратегиясини тузар экан, ҳарбий ғалабалар, иқтисодий муваффақиятлар ва ички сиёсий ислоҳотлардан ташкил топган уч оёқли дастурни ишлаб чиқди. Зотан, ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ютуқлар Саудия Арабистони жамоатчилигини, хусусан, ёшларни ҳаяжонга солиши, Муҳаммад ибн Салмоннинг чексиз ҳокимиятни қўлга киритиши учун замин ҳозирлаши лозим эди.

Ҳали 30 ёшга кириб улгурмай, сиёсий карьерасига шиддат билан киришиб кетган Муҳаммад ибн Салмон 2015 йилда Яманга қарши ҳарбий ҳаракатларни, 2016 йилда «Визион 2030» ва 2017 йилда «Мўътадил Ислом» лойиҳаларини эълон қилди. Агар ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, ҳарбий соҳада мамлакат ғалабага эришган, иқтисодиёт нефтга қарамликдан қутқарилган, давлатга садоқат куч ва пул билан эмас, миллий онг билан таъминланган бўлар эди.

Аммо сўнгги беш йил ушбу мақсадларга эришиш унчалик осон эмаслигини кўрсатди. Бундан ташқари, ушбу йўлда олиб борилаётган шафқатсиз ва можароли сиёсат Саудия Арабистонини чуқур ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий инқироз жари томон етаклаб бормоқда. Айниқса, март ойи бошида Муҳаммад ибн Салмоннинг Россия билан бошлаган нефть уруши натижасида қора олтин нархининг тарихий қулаши Саудия Арабистони иқтисодиётига оғир юк бўлиб тушиш баробарида давлатнинг энг муҳим иттифоқчиси бўлган Америка Қўшма Штатларининг қарийб юз йил давомида саудияликларга сақлаган сиёсий қўллаб-қувватловига ҳам барҳам бериши мумкин.

Ар-Риёд: Тахт учун курашнинг янги пардаси

Яман – ҳукмдорларнинг кўп асрлик бош оғриғи

Ямандаги ҳусийчилар Фото: Reuters

Ҳарбий муваффақият араб жамиятида қиролга содиқликнинг муҳим элементларидан биридир. Саудлар давлат асосчиси қирол Абдулазиз ибн Сауддан кейин порлоқ ҳарбий ғалабага эриша олгани йўқ. Шу сабабли, Абдулазиз ибн Сауднинг 1902 йилда Ар-Риёдни босиб олиши, Рашидий амирлигини фатҳ этиши саудияликларнинг сўнгги юз йилликда қўлга киритган энг муҳим ва ягона ҳарбий ғалабасидир. Абдулазиз ибн Сауд ўз оиласи билан Кувайтда қувғинда бўлган пайт отаси Абдурраҳмон ибн Файсал ибн Туркий Ол Сауддан рухсат олмай, бу ҳужумни яширинча амалга оширганди. 27 ёшидаёқ қозонган ушбу улкан ғалабаси орқали у Саудия уламоси ва сулола аъзоларининг эътирофига сазовор бўлган, шу асно отаси тириклигидаёқ уларнинг қўллаб-қувватлови остида Саудия тахти сари йўл олганди.