Жаҳон | 10:45 / 09.05.2020
38507
8 дақиқада ўқилади

Президент, ислоҳотчи, «телба». Саакашвили яна катта сиёсатда

Фото: Zuma/ТАСС

Швециялик футболчи Златан Ибраҳимович миллий жамоаси билан 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмагач, шундай деганди: «Мен бормаётган жаҳон чемпионатининг нимасини томоша қиласиз? Уни кутишдан маъно йўқ». Йўқ, Златан бу гапларни кибр билан эмас, шунчаки ҳазил учун гапирганди. Аммо Златансиз футбол бироз зерикарли эканини футболни яхши кўрадиган ҳар қандай мухлис тасдиқлаши мумкин. Дунё сиёсатида ҳам Златан каби ғалати ва айни дамда доим интрига пайдо қила оладиган инсон бор: Михаил Саакашвили.

 

Сўнгги вақтларда уни грузиялик ёки украиналик дейишни ҳам билмай қолдик. Чунки ўз вақтида Грузияда президент бўлган Саакашвили кейинчалик ўз ватани фуқаролигидан маҳрум қилинганди. Кейин у Украинада ҳам катта лавозимларда ишлаб, фуқаролик олди. Кўп ўтмай бу аввалги президент Порошенко уни мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилди. Порошенкодан кейин Украинада ҳукуматни қўлга олган Владимир Зеленский эса Саакашвилига мамлакат фуқаролигини қайтариб, «бонусига» бутун бошли қўмитага раҳбар этиб тайинлади.

Саакашвилини рус ташвиқоти сабаб бизда ҳам кўпчилик ёмон одам деб тасаввур қилиши мумкин. Аслидачи, у чиндан шунчалик ёмон сиёсатчими? Исми доим ислоҳот деган сўз билан ёнма-ён ишлатиладиган Саакашвили Зеленскийга нега керак бўлиб қолди?

Аввалига Саакашвили қандан лавозимга тайинлангани ҳақида. Зеленский уни Украина президенти ҳузуридаги миллий ислоҳотлар кенгаши таркибига кирувчи ислоҳотлар бўйича ижроия қўмитаси раҳбари этиб тайинланди. Номи узун бу ташкилот қисқасини айтганда, Украинада ислоҳотлар билан шуғулланиши керак. Ислоҳотлар Зеленский учун жуда муҳим соҳа, ахир халқ уни «Слуга народа» фильмидаги президент Василий Голобородко сиймосида олиб борган ислоҳотлар сабаб сайламаганмиди?! Қайсидир маънода, Зеленский фильмда қилган ишларини ҳаётда ҳам амалга ошириш учун Саакашвилини ёрдамчи сифатида таклиф қилди.

Миллий ислоҳотлар кенгаши 2014 йил собиқ президент Петро Порошенко томонидан тузилган ва кенгашнинг вазифаси сифатида мамлакатда муҳим ислоҳотларни ўтказиш белгиланганди. Кенгаш раҳбари мамлакат президенти ҳисобланади ва айнан президент кенгаш аъзоларини танлайди.

Кенгаш Порошенко вақтида 28 марта йиғилиш ўтказган. Сўнгги учрашув 2018 март ойида бўлиб ўтган. Кенгашнинг энг машҳур йиғилиши 2015 йил декабрида бўлган. Ўшанда Одесса губернатори ҳисобланган Саакашвили ва мамлакат ички ишлар вазири Арсен Аваков ўртасида жанжал келиб чиқиб, улар бир-бирига стакандаги сувларини сепишгача борганди.

Арсен Аваковнинг Михаил Саакашвили билан жанжали видеоси ички ишлар вазирининг саҳифасида эълон қилинганди
FACEBOOK ARSEN AVAKOV

Катта эҳтимол билан бу икки «тўполончи» яна кенгаш аъзолари сафига киритилади.

Амалга ошмаган тайинлов

22 апрель куни Саакашвили Зеленскийнинг бош вазирнинг ислоҳотлар бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаш бўйича таклифини қабул қилганини айтганди. Саакашвилининг айтишича, Зеленский унга Киев ҳамда Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги мулоқотларда қатнашиш имконини беришни истаган. Шунингдек, Грузия собиқ президентининг айтишича, Зеленский унга солиқ ислоҳоти, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес юритиш шартларини енгиллаштириш ишларида «куратор» бўлишини ҳам таклиф қилган.

Зеленский Саакашвилининг бу гапларини изоҳламади. Украина қонунчилигига кўра, президентнинг ҳукуматдаги ваколатлари анча чекланган. Масалан, у кимнидир бош вазир ўринбосарлигига тавсия қила олмайди, бу ҳукумат раҳбари бўлган бош вазирнинг ваколати. Украина бош вазири Денис Шмигел ҳам бу масалада фикр билдиргани йўқ.

Нима бўлганда ҳам, Саакашвили Украина ҳукумати таркибига киритилмади. Маълум бўлишича, унинг номзоди парламентда етарлича овоз олмаган. Гарчи парламентда Зеленскийнинг «Слуга народа» партияси вакиллари кўпчиликни ташкил қилса ҳам.

Шу сабабли Зеленский парламентни Саакашвилини ҳукумат таркибига киритишга кўндириш ўрнига унга янги лавозим топиб бера қолди. Саакашвилига лавозим тақдим этилиши Украинага муаммо келтириб чиқаришни ҳам бошлади. Грузия бош вазири Георгий Гахария Саакашвилининг ҳукумат таркибига киритилишини кескин қоралаганди: «Стратегик шеригимиз бизнинг мамлакатда оғир жиноятда айбланиб, айни дамда қидирувда бўлган инсонга лавозим бериши биз учун тушунарсиз ҳолат». Грузия бош вазири бундай ҳолатда Тбилиси Киевдаги элчисини маслаҳатлашув учун чақиришга мажбур бўлишини айтганди.

Элчи барибир чақирилди. Саакашвили тўғридан тўғри ҳукумат таркибига кирмайдиган лавозимни эгаллаб, ислоҳотлар бўйича ижроия қўмитасига раҳбар этиб тайинланган бўлса-да, Грузиянинг Украинадаги элчиси Теймураз Шарашенидзе маслаҳатлашув учун Тбилисига қайтарилди.

Иккинчи марта

Шу тариқа Саакашвили иккинчи марта Украина сиёсатига кирди. У биринчи марта 2014 йилда, университетдаги собиқ таниши, ўша вақтда Украина президенти бўлган Петро Порошенконинг таклифи билан Киевга борганди. Айнан Порошенконинг фармони билан Саакашвилига Украина фуқаролиги берилганди. У дастлаб президент маслаҳатчиси бўлган ҳолатда коррупцияга қарши кескин чиқишлар қилганди. Масалан, Саакашвилининг ҳужумига учраган мамлакат бош вазири Арсений Яценюк кейинчалик истеъфога чиқарилганди.

Кейин Саакашвилига Одесса вилояти губернаторлиги ишониб топширилди. Бу лавозимда Саакашвили ўзини Украинага олиб келган Порошенкони ҳам «юзинг-кўзинг демай» аямай танқид қила бошлади. Уни губернаторликдан четлатишгач, президент Порошенконинг импичментини талаб қилиб, норозилик акцияларида фаоллик кўрсатди. «Пичоқ суякка қадалгач» Порошенко Саакашвилига ўзи берган Украина фуқаролиги ўзи бекор қилдирди.

Петро Порошенко фармони билан Украина фуқаролигини йўқотгач Саакашвили Польша чегараси орқали қайтиб келганди

Ҳеч қайси мамлакат фуқаролигисиз қолгач, Саакашвили Польшага кетганди. Аммо у яқингача Одессада яшагани айтилади.

«Телба» ислоҳотчи

Саакашвили сиёсатга инқилоб билан кириб келганди. Ўзига хос «атиргул инқилоби» номини олган революция сабаб Эдуард Шеварднадзе истеъфога чиққан ва мухолифатчи Саакашвили раҳбариятга келганди. У халқни мамлакат ислоҳотларга муҳтож эканига ишонтира олганди. Бутун дунё Саакашвилининг ишларини қўпол қилиб айтганда оғиз очиб томоша қиларди, чунки у чиндан ноодатий қарорлар қабул қиларди.

Сиз масалан, «криминал авторитетлар ва рэкет» тўғрисида қонун бўлишини тасаввур қила оласизми? Саакашвили мана шундай қонун қабул қилганди. Европанинг тинч-тотув мамлакатларидан бирида бўлса ҳам майли эди, Саакашвили машҳур ўғрилар кўчада қироллардек юрадиган, одамлар рюкзакларини шилиб кетишмасликлари учун олди томонга тақиб юрадиган, ҳайдовчилар машина аккумуляторини ўғирлаб кетмасликлари учун ўзи билан уйига олиб кириб кетадиган Грузияда шундай қонун қабул қилганди.

Бу қонунга кўра, ким ўзининг «вор в законе» эканини тан олса, қамоққа олинарди. «Ўғрилар этикаси»га кўра эса, «вор в законе» эканини тан олмаслик номуссизликка кирган. Шу тариқа Грузияда 300дан ортиқ криминал авторитет қўлга олинади. Қизиғи, шунга ўхшаш қонун ўтган йил Россияда ҳам қабул қилинди. Тарихда эса бу қонун бевосита Саакашвили номи билан қолди.

Грузия полициясидаги ислоҳотлар сабаб бу мамлакатда полицияга ишонч даражаси кескин ошди, чунки ислоҳотлар полициячиларнинг ўз ишига бўлган қарашигача ўзгартира олганди. Жамоат тартибини сақлашда хизмат қиладиган полициянинг ўзгариши бевосита туризмга ҳам ижобий таъсир қилди.

Саакашвили ва жамоасининг Грузия таълим ва солиқ тизимидаги ислоҳотлари ҳам ўз самарасини бериб, мамлакат йилига 12 фоизлаб иқтисодий ўсишга эришганди. Хуллас, Саакашвили ислоҳотларни қандай олиб боришни билади. Зеленский эса Украинада чинакам ислоҳот қилмоқчи. Саакашвилига етарли имкон берилса, у бу ишни эплайди. Чунки у ўзини ислоҳотлар учун туғилган деб ҳисоблайди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид