Қуйида Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқлангач, жорий этилиши бошланган карантин чоралари хронологияси ва сўнгги эълон қилинган карантин чоралари келтирилади.

Ўзбекистонда 23 март кунидан қатъий карантин чоралари жорий этилганди. Ўшанда Республика махсус комиссияси қарорига кўра, тўй ўтказиш тақиқланган, умумий овқатланиш жойлари ёпилган, хорижга чиқиш тўхтатилган, муассасалар ходимлари масофадан туриб ишлашга ўтган, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш мажбурий бўлганди. Бу чоралар 20 апрелга қадар этиб белгиланганди.

Кўп ўтмай шаҳарлараро транспорт ҳаракати тўхтатилди, ўзини яккалаш тартиби жорий этилди, шахсий транспортда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланди.

18 апрель куни эса махсус комиссия қарори билан 20 апрелгача давом этиши белгиланган карантин чекловлари 10 майга қадар узайтирилди. 

Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда эпидемиологик вазият яхшилана бошлади, 21 апрелдан бошлаб кунлик касалланишлар сони тузалганлар сонидан кам бўлди.

29 апрель ва 5 май кунлари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида коронавирус билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгариб бориши билан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлиги таъкидланди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда карантин бўйича янги тизим жорий этиладиган бўлди. Унга кўра, Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни белгилаш аниқ мезонлар асосида баҳоланиб, туманлар ва шаҳарлар «қизил» (юқори хавфли), «сариқ» (ўрта хавфли) ва «яшил» (хавфсиз) ҳудудларга ажратилди.

Республика махсус комиссиясининг 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, 8 майдан вилоятлар учта тоифага ажратилди.