Ўзбекистон | 08:30 / 17.05.2020
8610
2 дақиқада ўқилади

Эвакуациядагиларни озиқ-овқат билан узлуксиз таъминлаш масаласи назоратга олинган – Сирдарё вилоят прокуратураси

Сирдарёда ўтказилган Халқаро пресс-клуб сессиясида Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари Бахтиёр Аҳмедов озиқ-овқат захираси ва унинг назоратга олиниши ҳақидаги саволга жавоб берди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Аҳолини озиқ-овқат, гигиеник воситалар ва ётоқ анжомлари билан таъминлаш бўйича штаб тузилган. 89 мингдан зиёд аҳолидан 66 минги уй-жойларига қайтди. 23 минг 400га яқини эвакуацияда қоляпти.

1 майда эълон қилинган президент фармойишига кўра, узлуксиз озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи прокуратурага юклатилган. Вилоят марказида 8та, туманларда 21та омбор ташкил қилинган. Уларни назорат қилиш учун 131 нафар прокуратура, молия, солиқ ходимлари жалб қилинган. Талон-торож бўлиши олдини олиш учун Миллий гвардия томонидан қўриқланяпти, видеокамералар ўрнатилган. Кираётган ва чиқаётган маҳсулотларни текшириш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари мутахассислари жалб қилинган.

Бугунги кунга қадар 46 тоннадан ортиқ гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 317 тонна ун, 115 тонна макарон, 101 тонна шакар, 143 тонна ўсимлик ёғи, 315 тонна картошка, 400 тоннадан ортиқ сабзавотлар келган. Уларнинг берилиш тартиби аниқ белгиланган», дея Бахтиёр Аҳмедовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг маълум қилишича, эвакуациядаги аҳоли икки хил ҳолатда яшаяпти: 

1. Ижтимоий объектларга жойлаштирилган (3 минг 600дан ортиқ);

2. Аҳоли хонадонларида (19 минг 700 нафар).

«Ижтимоий объектларга бириктирилган ҳолда уларнинг талаби олиниб, омборлардан кундалик воситалар етказиб берилади. Фуқаролар эҳтиёжини ўрганиш учун маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари бириктирилган, улар талабнома асосида туман, шаҳар омборларидан оляпти. Ҳар хил тушунмовчилик бўлмаслиги учун рўйхат билан бериляпти.

Бугунги кунда маҳсулот турларига қараб, қарийб 1 ойга етадиган озиқ-овқат захирамиз бор», дейди вилоят прокурори ўринбосари.

Тадбирда маълум қилинишича, бугунги кунга қадар 40 тоннадан ортиқ гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 146 тонна ун, 66 тонна макарон етказиб берилган. Маҳсулотлар санитария қоидаларига амал қилган ҳолда сақланяпти.

Мавзуга оид