Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмаси бўлим мудири вазифасида ишлаган шифокор устидан жиноий иш очилгач, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бу қарорни асоссиз деб ҳисоблаб, Бош прокурорга мурожаат йўллаган эди.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ушбу жиноят ишини бекор қилган. Бу ҳақда 18 май куни ССВ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев хабар қилди.
«Бугун ушбу мурожаат юзасидан Бош прокуратура томонидан жавоб хати келди. Унда қайд этилишича, Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганини аниқлаган.
Шунга кўра, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилинган», дейилади хабарда.
Айблов
Шифокор терговга тортилгани ҳақида 13 май куни хабар қилинган эди.
Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, туман тиббиёт бирлашмасида бўлим мудири вазифасида ишлаб келган Х.Д.нинг соғлигида 20 апрелдан ўзгариш бошланган: у ўзида йўтал, тана ҳароратининг 39°С гача кўтарилиши, нафас қисиши каби Covid-19 белгиларини ҳис қилгани ҳолда шу кундан уй шароитида даволана бошлаган.
«Х.Д. шифокор бўла туриб ўзи коронавирус инфекцияси касаллигига чалинганини гумон қилган бўлса-да, карантин шароитида тегишли тартибда давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ўтмасдан, 20 апрелдан 27 апрелга қадар тегишли тартибда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилмасдан, уй шароитида ўзбошимчалик билан, яширинча ўзини ўзи даволаш билан шуғулланиб, санитарияга оид қонун ҳужжатларни қўпол равишда бузган.
Оқибатда, Х.Д. белгиланган тартибда ўзини ва бошқаларни ҳимоялаш, касаллик юқтирмаслик чораларини кўрмасдан, у билан доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 нафар кишига, шунингдек улар орқали яна 23 кишига ўта хавфли бўлган юқумли касалликни юқтириб, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар доирасини ҳамда борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириб, жами 34 нафар киши Covid-19 инфекцияси билан касалланишига сабабчи бўлган», – дейилган эди вилоят прокуратураси ахборотида.
















