Тошқин кузатилаётган Мидленд округида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
CNN телеканали хабарига кўра, 10 мингдан ортиқ киши шошилинч эвакуация қилинган, 3500дан ортиқ хонадон сув остида қолган.
Расмийлар жароҳат олганлар ёки қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмаганини айтмоқда.

Фото: Ryan Kaleto via REUTERS
Мичиган штати губернатори Гретхен Уитмернинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда ҳудудда кузатилаётган кучли ёмғир оқибатида Титтабавасси дарёси ўзанининг кўтарилишига Эденвилл ва Сенфорд дамбалари дош бера олмаган.
«Келгуси 12-15 соат ичида Мидленд шаҳрини тахминан 9 фут (2,7 метр – таҳр.) баландликда сув босиши мумкин. Биз штат учун тарихий кўламдаги йирик тошқин рўй беришини тахмин қиляпмиз», – деган губернатор офатдан сўнг бир неча соат ичида ташкил этилган матбуот анжуманида.

Фото: TC VORTEX via REUTERS
Штат раҳбари Титтабавасси дарёсининг ҳам шарқий, ҳам ғарбий қисмларида яшовчи аҳолини иложи борича юқорироқ ҳудудларга кўчиб ўтишга ундаган.
«Илтимос, иккиланиб ўтирманг. Штатнинг бошқа ҳудудида яшайдиган қариндошингиз ёки бошқа яқинларингиз бўлса, ҳозироқ ўша ерга йўл олинг. Агар бундай яқинларингиз бўлмаса, округ бўйлаб ташкил этилаётган бошпана манзилгоҳларига кўчиб ўтинг», – деган Гретхен Уитмер.
Эвакуация ишларига Миллий гвардия хизматчилари жалб этилган. Вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилганлардан тиббий ниқобни ечмаслик сўралмоқда.
Reuters агентлигининг хабар беришича, сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик сабабли Мичиган штатидаги Титтабавасси ва Райфл дарёлари АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати томонидан «тошқин хавфи юқори» дея тоифаланган бўлган.




























