Маълумки, йилдан йилга мамлакатимиз аҳолиси сони ва унга мос равишда автомашиналарнинг саноғи ҳам ошиб бормоқда. Бу эса автотураргоҳлар масаласини тезроқ ва тизимли тарзда ҳал этишни тақозо қилмоқда. Агар мазкур муаммо бугун бартараф этилмаса, эртага чиндан ҳам, игна ташласак, ерга тушмас ҳол юзага келиши тайин.
Ҳозирданоқ пойтахтимизда аҳвол шу даражага келдики, шахсий автомобилда бирор жойга боришни режалаштирган бўлсангиз, рулга ўтирар-ўтирмас миянгизда бир савол чарх ура бошлайди: «Ишқилиб, борадиган жойимда «стоянка» бормикин?». Чунки бир-икки марта азбаройи яқин-атрофда автотураргоҳ йўқлиги ёки бори ҳам тўла бўлгани, қолаверса, ҳаммаёққа тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланиши ҳақидаги белгилар қўйиб ташлангани учун машинангизни йўл ёқасида қолдиришга мажбур (!) бўлгансиз. Бозорлар атрофини-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади.
Кейин... Кейини эса ҳаммамизга яхши маълум: не кўз билан кўрингки, лотереянгизга «ютуқ» чиққан бўлади. Нима ҳам қилардингиз? Муздеккина бўлиб отнинг калласидек жаримани тўлаб келасиз. Кўпчиликка таниш манзара.
Ахир, ўша пулга оилангизга бир нима кўтариб боришингиз ёки бола-чақангиз эҳтиёжига кўра бирор нарса олиб беришингиз мумкин эди. Лекин пешона тери билан топган пулингиз ҳавога учади-кетади. Табиийки, мана шундай вазиятдан сўнг шаҳарда автотураргоҳлар қуриш ҳақида бош қотирмаётган, энг ёмони, борини ҳам йўқ қилаётган мутасаддиларни эсга оласиз.
Қизиқ, бирор жарима турини ўйлаб топиш ва амалга татбиқ этиш керак бўлса, хорижликларга ҳам дарс бериб қўйилади. Аммо муаммо ечимини топишга келганда ҳамма бирдан ўз хизмат ваколатига нималар кириши-ю нималар кирмаслиги ҳақида эслаб қолади.
Ҳали ҳовури қайтиб улгурмаган янгиликлардан бирини олайлик. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилган ҳолда эндиликда хизматда махсус планшетлар қўллана бошланди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойбергановнинг маълум қилишича, энди йўл-патрул инспектори билан ҳайдовчининг мулоқотига ҳожат бўлмайди. Яъни тақиқланган жойда қолдирилган автотранспорт воситаси планшетда суратга олинади ва автомобил рақами махсус базага киритилади. База эса онлайн тарзда ишлагани учун ҳайдовчининг яшаш манзилига «суюнчи хати» жўнатилади.
Гап йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш ҳақида борар экан, бундай инновацияларни икки қўл билан маъқуллаш мумкин. Тўғри, қоидани бузганлар тегишли тартибда ўз жазосини олсин. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Хўш, ҳайдовчи белгиланмаган жойда автомашанасини нима сабабдан қолдирган? Иложсизликдан эмасми? Унга ўз автомашинасини тегишли жой ёки ва автотураргоҳга қолдириши учун етарлича шарт-шароит борми? Бугун пойтахт кўчаларида ҳаракатланаётган машиналар сони ва мавжуд автотураргоҳлар миқдори қай даражада бир-бирига мос? Нега тегишли шароит яратмай туриб, талаб қилиш ва жаримага тортиш тенденцияси тобора кучайиб бормоқда?















