Навоийда бугун ҳозирча 15 кишида вирус аниқланди, сўнгги уч кунда жами 37 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятда қайд этилаётган ҳолатлар хориждан келганлар билан боғлиқ эмас, касаллар хориждан келиб карантинга олинганлар орасида эмас, аҳоли орасида аниқланмоқда.
Ҳозирда беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган.
Маълум қилинишича, Зарафшон шаҳри касаллик ўчоғи бўлиб турибди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоий вилоятида аҳоли орасида коронавирусга чалинишлар сони ортаётганига эътибор қаратиб, аҳолини карантин тадбирлари бирмунча юмшатилганидан тўғри хулоса чиқариб, ҳамиша ҳушёр бўлишга чақирди.
«Айни пайтда Навоий вилоятида 66 нафар коронавирусга чалинган беморлар қайд этилиб, уларнинг барчаси ушбу ҳудудда касалликка чалинган, уларнинг орасида хориждан келганлар йўқ. Шундан 2 нафари соғайган бўлса, қолган 64 нафари даволанмоқда. Навоий вилояти бор йўғи 3 фоиз соғайиш кўрсаткичи билан касалликдан даволаниш бўйича мамлакатимизда энг сўнгги ўринда бормоқда. Ваҳоланки, юртимизда соғайиш кўрсаткичи 81 фоиздан ошган.
Карантин қоидаларига қатъий риоя этилмаганлиги оқибатида вилоятда сўнгги икки ҳафтада касалликка чалинганлар сони кескин ошди. Мисол учун, 20 май куни 17 нафар, 21 май куни 5 нафар қайд этилган бўлса, бугун соат 10:00 ҳолатига яна 15 нафар фуқарода касаллик тасдиқланиб, вилоятда сўнгги уч кунда вирус юқтирганлар 37 нафарга кўпайди. Касаллик тарқалишининг асосий ўчоғи Зарафшон шаҳри бўлиб турибди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Навоий вилояти, шунингдек, бошқа коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланаётган бошқа ҳудудларда карантин қоидаларини кучайтириш, Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

















