Илёс Сафаров: – Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисларидан бирида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Унда вазир Жамшид Қўчқоров иттифоқда кузатувчи давлат мақоми Ўзбекистон учун халқаро ташкилот ва бошқа учинчи давлвтлар билан ўзаро муносабатларда муаммо келтириб чиқармайди, деди. Лекин ташкилотнинг янги кўрилаётган стратегияси бўйича иттифоққа аъзо давлатлар учинчи давлатлар билан алоқаларида ЕОИИнинг вакили иштирок этишини таклиф қиляпти. Савол: қандай қилиб биз билан ҳамкорлик қилаётган бошқа бир давлат бунга кўниши мумкин?

Дейлик, АҚШ ёки Япония биз билан музокаралар столида иттифоқ вакили ҳам ўтириши учун рухсат беришига ишонасизми?

Равшанбек Алимов: – Жуда ўринли ва муҳим савол. Чунки Евроосиё иқтисодий иттифоқининг кейинги босқичлардаги ривожланиш ҳаракатлари биз томонимиздан ҳам синчиклаб ўрганишни тақозо этмоқда. Чунки ҳақиқатан ҳам, бу жараёнга Қозоғистон президенти ўз эътирозини билдирди. Аммо бу ҳозирча лойиҳа даражасида ва бу тўғрисида ҳали қарор қабул қилинмаган. Агар ҳақиқатда бундай қарор қабул қилиниб, кучга кирса, демак, биз ҳам ўзимизнинг миллий манфаатимиздан келиб чиқиб, ушбу вазиятда ташкилот билан ҳамкорлик қилиш даражамизни белгилашда буни инобатга олишимиз керак. Бу биз учун, албатта, муҳим сигнал ҳисобланса-да, лекин бунақа қарор қабул қилинмаган, бу ҳали Евроосиё иқтисодий иттифоқида ҳам муҳокама қилиняпти. Кўрайлик-чи, ҳали олдиндан бирор нима дейишга эрта. Лекин сизнинг саволингиз ўринли. Муҳим стратегик йўналишларда, менинг фикримча, саноат мотивизация қилиш сиёсатида, инвестиция стратегиясини белгилашда, хорижий инвестицияларни жалб қилишни белгилашда, албатта, Ўзбекистон мустақил бўлиши керак. Бу ерда ҳеч қандай савол бўлмаса керак. Лекин билишимизча, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳужжатларини ўргансак, бунақа шартлар йўқ. Демак, Ўзбекистонга таҳдид солувчи қандайдир шартларини кўрмаяпмиз. Албатта бу ҳозирги даражадаги ўрганишда. Кейинчалик кузатувчи мақомида яқинроқ ўрганишда, албатта, сиз айтаётган йўналишлар ҳам жуда муҳим. Қарор ва қонун-қоидалар чуқур ўрганилиши керак ва буларни инобатга олишимиз керак.

Равшанбек Алимов

ЕОИИнинг маъқулланмаган стратегияси, «кузатувчи» мажбуриятлари ва дипломатия қоидаларини бузган Захарова ҳақида – Сенаторлар билан суҳбат