Президентнинг “Интернет тармоғи орқали хизматлар экспортини амалга оширувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг жисмоний шахсларга веб-фрилансерликни ўргатиш, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва резидентлик мақомини бериш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги Миллий фрилансерлар марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Белгилаб қўйилишича:
Интернет тармоғи орқали меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга масофавий тарзда хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган ўзини ўзи банд қилган, Марказ резиденти мақомини олган фуқаролар веб-фрилансер ҳисобланади;
Марказ веб-фрилансерларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича экстерриториаллик тамойили асосида, шу жумладан масофавий тарзда курсларни ташкил этади ҳамда мазкур курсларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификат беради;
Марказнинг резидент мақоми сертификатга эга бўлган жисмоний шахсларга ҳамда сертификатга эга бўлмасдан Интернет тармоғи орқали жисмоний ва юридик шахсларга масофавий тарзда хизматлар кўрсатиб, меҳнат даромади олиб юрган жисмоний шахсларга, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда масофавий тарзда берилади;
Марказ веб-фрилансерларнинг касби, тажрибаси, хизматлари қиймати кесимида Ягона реестрни юритади ва уларни иш билан таъминлашга кўмаклашади;
нодавлат таълим муассасалари Марказ билан тузилган шартномаларга мувофиқ веб-фрилансерларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш хизматларини кўрсатади ҳамда уларга Марказнинг сертификатини тақдим этади;
Марказ резидентларига вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси берилади;
Марказ резидентларига вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун тўлов ундиришдан тушган маблағларнинг олтмиш фоизи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига – ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ижтимоий солиқни тўлаш ҳисобига ҳамда қирқ фоизи Марказ ҳисоб рақамига йўналтирилади;















