Ўзи нима гап?

8 сентябрь куни “Ziyo Forum” ривожланиш ва таълим жамғармаси директори ўринбосари Беҳруз Ҳамзаев Facebook’даги саҳифасида “Мирзиёномика. Марказий Осиё йўлбарсининг сакраши” (Mirziyonomics. Leap of Central Asian tiger) номли янги китоби нашрдан чиққанини эълон қилганди. Китобда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача амалга оширилиши кўзда тутилган рақамли трансформация стратегияси ҳақида сўз боради. Ўзбек ва рус тилларида китоб тарғиботи учун mirziyonomics.uz номли сайт ҳам яратилган бўлиб, “Мирзиёномика”ни ушбу сайтдан бепул юклаб олиш мумкин.

“Шуни таъкидлашни истардимки, биз ушбу сайтни Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган бошқа стратегияларни нашр этиш учун катта очиқ платформа деб ҳам қараяпмиз. Ушбу сайт атрофимиздаги дунёни яхшироқ ва тўлақонли қиладиган ғоялар ҳосиласи бўлади. Чунки мен бу сўнгги 2-3 йил ичида Ўзбекистон учун муваффақиятли, баъзилари эса ҳозирча унчалик муваффақиятли бўлмаган туб ўзгаришлардан ўзим учун кашф этган асосий туйғу — бу ўз мамлакатингиз ривожига олдинги даврда бўлгани каби нафақат ҳокимият тепасида бўлиб, балки халқ орасидан ҳам ҳиссангизни қўшишингиз мумкин”, дея ёзган муаллиф.

Беҳруз Ҳамзаевнинг қайд этишича, “Мирзиёномика” стратегияси AКТни давлат ҳаётининг барча соҳаларига интеграция қилиш орқали тадбиркорлик фаолияти, ижтимоий соҳа ва давлат бошқарувини жонлантириш, яхшилаш ва соддалаштириш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий фаолиятини рақамлаштиришнинг асосий вектори бўлади.