Kun.uz мухбири хорижий давлатларда ишлаётган ватандош шифокорлар билан туркум интервьюларнинг навбатдагисида Буюк Британияда меҳнат қилаётган тажрибали врач Ниҳола Мадалиева билан суҳбатлашди.

Ассалому алайкум, аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.

– Мен, Мадалиева Ниҳола, оилавий шифокорман. 2001 йилда 2-Тошкент давлат тиббиёт институтини имтиёзли диплом билан тамомлаб, 1-Тошкент давлат тиббиёт институтининг Неврология бўлимида магистратура йўналишида таҳсил олдим.

Магистратурани 2004 йилда тамомлаб, Неврология кафедрасида 2005 йилгача ассистент бўлиб ишладим. Шифокорлик стажим 15 йил. 2005 йилда Буюк Британияга оилам билан кўчиб келдим ва ўз касбим бўйича Борнмут шаҳри шифохонаси (Royal Bournemouth and Christchurch Hospitals) қошидаги Дорсетнинг хорижлик докторлари уюшмасида малака оширувчи шифокор (clinical attache) сифатида иш бошладим.

Нега айнан шу давлатни танладингиз?

– Очиғини айтадиган бўлсам, дунёнинг ривожланган давлатларининг бирида шифокор бўлиб ишлаш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Бунинг устига яқинларимдан узоқда, мусофир юртда яшаш хаёлимда ҳам йўқ эди. Устига устак, ҳали шифокорликнинг паст-баланд жиҳатларини тўлиқ тушуниб етмаган ёш мутахассис эдим.

Хўжайиним ҳам шифокор, у киши клиник ординатурани битириб, жарроҳ сифатида ишлаётганларига 3-4 йил бўлганига қарамай, профессионал ўсиш йўлида ҳеч қандай ижобий натижа кўринмасди. 2003 йилда турмуш ўртоғим инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш ва ривожланган мамлакатлардан бирининг тиббиёт соҳасини ўз кўзлари билан кўриш мақсадида Буюк Британияга йўл олди. Олис юртда икки йилча юриб, касбимизга оид жиҳатларни ўрганиб, бир қарорга келганини айтди.

Гапларига қараганда, у Англияда шифокорлар учун яратилган имкониятларнинг беқиёслигини англаб, ихтиёрий равишда ўша ерда ишлаш, малака ошириш фикрига келганди. 2005 йилда мени ўз ёнига чақирди ва ниҳоят фарзандим билан мен ҳам Буюк Британияга келдим.

Келгандан сўнг дипломимни тасдиқлатиш мақсадида IELTS, PLAB имтиҳонларини топширдим. Ҳужжатларим тасдиқланиб, Британиянинг шифокорлари рўйхатидан ўтганимдан сўнг 2009 йилдан бошлаб ўзимиз яшаб турган ҳудуддаги Қиролликнинг Борнмут шаҳри шифохонасида (Royal Bournemouth and Christchurch Hospitals) терапия бўлимида шифокор бўлиб ишлай бошладим.