Республикада 16 мартдан буён амал қилиб келаётган карантин чекловлари 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ташкил этишга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Пандемияни эътиборга олиб, бу йил абитуриентлардан ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда қабул қилиниши белгиланди.

Шунингдек, минглаб абитуриентларнинг пойтахтда жамланишига йўл қўймаслик мақсадида кириш имтиҳонларининг ҳудудларда ташкил этилиши, бунинг учун республика бўйлаб 64та бино танлаб олингани маълум қилинди. Абитуриент пойтахтдаги ОТМ учун ҳам ўз ҳудудида туриб имтиҳонда иштирок этиши мумкин.

Карантин шароитида кириш имтиҳонларини ташкиллаштиришнинг бир жиҳати очиқ қолмоқда – хориждан Ўзбекистонга қайта олмаётганлар.

“Ўқишга топширмоқчиман, лекин ҳозир Россиядаман. Ҳужжатларни онлайн топшириш мумкин экан, аммо имтиҳоннинг ўзи-чи? Ҳали-бери йўллар очилмайди. Чартер рейсга ёздирсам ҳам навбатим келмайди. Бундай вазиятда бизга қандай имконият бор?”

“3 ой олдин БААга келгандим, ҳозир ортга қайта олмаяпман. Олий ўқув юртига ҳужжат топширишим керак. Ҳужжатларни онлайн топширсам, имтиҳонгача етиб бора олмасам, имтиҳонлар ҳам онлайн бўладими?”

“Шу йили ўқишга топширмоқчи эдим. Лекин ўзим Россиядаман, йўллар ёпиқ. Менга ўхшаганлар нима қилиши керак?”

Kun.uz’га 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида иштирок этмоқчи бўлган, аммо чегаралар ёпиқлиги боис ватанга қайта олмаётган ўзбекистонликлардан юқоридаги каби мурожаатлар келиб тушмоқда.

Хорижда қолаётганларнинг кириш имтиҳонларида иштироки қай тарзда таъминланиши мумкинлиги хусусида мутасадди ташкилотлар билан боғландик.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ташкиллаштиришда асосий ижрочи бўлган Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевнинг маълум қилишича, мазкур масала бўйича ҳали шароит яратилган эмас.

“Чет элдан туриб онлайн шаклда ҳужжат топшириш мумкин. Аммо чегаралар ёпилгани туфайли хорижда қолган, кириш имтиҳонларида иштирок этиш истагида бўлганлар учун ҳали ҳеч қандай шароит яратилмаган. Айни вақтда 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Давлат қабул комиссиясига навбатдаги таклифлар тайёрланмоқда. Шу жараёнда балки хориждаги абитуриентлар масаласида ҳам таклифлар берилиши мумкин”, дейди Бобоев.