Ўз номи ошкор бўлишини истамаган фуқароларнинг эътироз қилишларича, асрлар оша ота-боболари истеъмол қилиб келган сув 2 йилдан буён аҳолига пулланмоқда. Сиҳатгоҳ олдига чиқарилган қувурлардан сувлар қадоқланган идишларга қуйиб берилмоқда — ҳеч қандай ёрлиқларсиз. Ҳолбуки, 2017 йилгача бу сувни қишлоқликлар ва бу ерга келган меҳмонлар текинга, бемалол ташиб ичишган.

Сайт мухбирлари масалани жойига бориб ўрганди. Соғломлаштириш мажмуаси карантинга олингани учун унинг ҳудудига кириб бўлмади.

«Омонхона» сиҳатгоҳи директори ўринбосари Аброр Жабборов билан алоқага чиққанимизда у ҳукуматнинг 2014 йил октябрь ойидаги фармойишига кўра, «Омонхона» сиҳатгоҳи «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ихтиёрига берилганини айтиб ўтди.

Мазкур фармойишдан сўнг сиҳатгоҳ атрофи ўралган. Хусусан, сув чиқадиган булоқ муҳофаза зонаси яратилган. Шифобахш сув сифати назоратга олинган. 2017 йилда ундан қувур тортилиб, сув сиҳатгоҳ дарвозаси олдигача чиқарилган. Чунки, сиҳатгоҳга даволаниш учун келувчи доимий 200-300 атрофидаги беморлар ҳам шу сувдан истеъмол қилишади.
Фармойиш ижроси таъминланиши асносида 2015 йилда шифобахш сувнинг сарфи ҳисоби юритилиб, унинг ҳар бир литрига 56 сўм нарх белгиланган. Бугунги кунда қайта ҳисоблаш натижасида унинг бир литри барчага 200 сўмдан сотилмоқда.

Сиҳатгоҳда шифобахш сув реализациясига масъулларидан бири — «Омонхона» сиҳатгоҳи кассири Шариф Жалоловнинг айтишича, шу булоқдан сув қадоқлаш фабрикасига ҳам узатилади. Фабрикада газланган ва газланмаган ҳолда, 1,5 литрлик пластик идишларга қуйилади. Айнан ўша саноат усулида қадоқланадиган сувларга ўрнатилган тартибда ёрлиқлар ёпиштирилади. Оддий фуқаролар эса дарвоза олдидаги қувурлардан чиқаётган сувни ўзлари учун харид қилишади.

Омонхона қишлоғи бўйсунадиган «Инкабод» маҳалла фуқаролари йиғини раиси Аҳмад Қурбонов билан боғландик.


















