2020/21 ўқув йили учун ОТМларга қабулда 8694та имтиёзли грант квотаси ажратилди. Имтиёзли квоталар 7 хил тоифадаги абитуриентларга берилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова алоҳида тоифадаги абитуриентларга имтиёзлар берилишини танқид қилиб чиқди.

«Юртимизда миллионлаб ёш йигит-қизлар кўнглида бир олам орзу билан ОТМга ўқишга киришни истайди. Бу йил қандай янгилик бўлар экан, қабул ўринлари кўпаярмикан, деган саволларга жавоб топиш илинжида интизор бўлади. Уларнинг аксарияти ўқишга кира олмаса, келажаги, тақдири қандай давом этишини билмай, чуқур хавотирга тушади.

Кечагина ОАВ орқали олий ўқув юртларига қабул ҳақида батафсил ахборот берилди. Ҳар тугул қабул ўринлари ўтган йилгига нисбатан ошгани кўплаб ёшларни қувонтирди. Лекин, менимча, ўқишга киришда имтиёзлар берилиши тўғрисидаги янгиликлар чин дилдан ўқиб, тайёргарлик кўриб юрган ёшларимизни ўйлантириб қўйди, ҳатто қалбини оғритди. Уларнинг ўйлари, оғриқларини тушунишимиз керак», – деб ёзади Мақсуда Ворисова Халқ демократик партияси расмий сайтидаги мақоласида.

Мақсуда Ворисова — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари

Собиқ сенатор Ўзбекистон Конституциясида барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга дея белгиланганига эътибор қаратган.

«Демак, ота-онаси қаерда хизмат қилиши ёки фуқаронинг айрим ютуқларга эга бўлиши Конституцияда белгиланган меъёрдан устун қўйилиши мумкин эмас», – дейди у.

Мақсуда Ворисова мактабни олтин медал билан тамомлаган абитуриентга ҳеч қандай имтиёз йўқлиги, лекин республика фан олимпиадалари ғолибларига ва Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаларига имтиёз берилишини савол остига олган.

«Агар шу танловда олий таълимга имтиҳонсиз кириш имтиёзи бекор қилинса, танловда қатнашувчи қизлар таркиби қандай ўзгарар экан?» – дея Зулфия номидаги мукофотни назарда тутиб савол қўйган Мақсуда Ворисова.

Депутат сўзининг давомида орган ходимларининг фарзандларига имтиёз берилишига ҳам қарши эканини билдиради.