Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фуқаролиги бўлмаган абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига қай тартибда ҳужжат топшириши мумкинлигини маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, Давлат комиссиясининг 2020 йил 1-сон баёни асосида фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириш имтиҳонларида иштирокини таъминлаш мақсадида, улар олий таълим муассасаларининг қабул комиссияларида санитария-гигиена талабаларига қатъий амал қилган ҳолда белгиланган тартибда бакалавриат таълим йўналишларига рўйхатдан ўтказилади.
Шунингдек, вазирлик бошқа тоифадаги абитуриентлар ОТМларнинг қабул комиссияларида рўйхатдан ўтказилмаслиги қатъий белгиланганини ҳам яна бир бор эслатди.
Аввалроқ қабул масалаларига бағишланган брифингда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев жорий йилги битирувчиларнинг 148 нафари фуқаролиги бўлмаган шахслар экани ҳақида маълум қилган эди.















