Дастлабки қисми март ойида фойдаланишга топширилган ушбу мажмуанинг умумий майдони салкам 15 гектарни ташкил этади. Жами 20 минг ўринга мўлжалланган карантин ҳудудида ҳозир 15 мингга яқин фуқаро бўлиб турибди.
Уларга 1010 нафар тиббий ва техник ходимлар хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ва Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари фаолият олиб боришмоқда.

Карантин марказида махсус ошхона ташкил этилган. Овқат шу ерда тайёрланади. Бошқа келтирилган ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари бир марталик идишларда, санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда етказиб берилади.
Карантин ҳудудида тиббий масалалар бўйича директор ўринбосари Отабек Имомов карантиндаги фуқароларга етказиладиган озиқ-овқат таъминоти ҳақида маълумот берди.


«Ушбу карантин маркази 3та ҳудудга бўлинган. Ҳозир биз турган жой «яшил» ҳудуд. Ичкаридаги блоклар «қизил» ҳудуддир. Озиқ-овқат махсус машиналарга ортилади ва «сариқ» ҳудуд бўйлаб борилади, «сариқ» ва «қизил» ҳудуд чегарасигача олиб борилади. Ичкаридаги ходимлар томонидан овқат олинади. Машина овқатни бериб бўлгач, дезинфекция қилинади ва қайтиб келади.
Берилаётган овқат бир маротабалик идишларда берилади, бўшаганидан кейин зарарсизлантирилади ва ёқилади.
Карантинда сақланадиган фуқарога бир кунлик озиқ-овқат харажати 78280 сўмни ташкил қилади.


Карантин марказида фуқароларнинг яшаш шароити билан танишиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ, ЕХҲТ ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари ташриф буюришди. Марказ ходимлари уларга бу ердаги шарт-шароитлар ҳақида ахборот беришди.


















