Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ишлаб чиқиш ҳақидаги услубий кўрсатмаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Услубий кўрсатмалар халқаро шартнома лойиҳасини ёки Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама халқаро шартномада иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш, экспертлар даражасида пухта ишлаб чиқиш, шунингдек, улар матнларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси давлат органлари томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган.
Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлашда давлат органи:
халқаро шартнома тузиш орқали тартибга солишни талаб қиладиган муаммо ёки масалалар чиндан ҳам мавжудлигини аниқлаши;
Ўзбекистон Республикаси учун халқаро шартномани тузиш мақсадга мувофиқлиги ва амалий аҳамиятини аниқлаши тегишли соҳада ҳуқуқий тартибга солишнинг амалдаги ҳолатини таҳлили қилиши (Ўзбекистон Республикасининг амалдаги халқаро шартномаларини ва миллий қонун ҳужжатларини ўрганиши);
халқаро шартнома тузиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган молиявий-иқтисодий ёки бошқа оқибатларни аниқлаши;
халқаро шартнома лойиҳаси қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси миллий қонун ҳужжатлари нормалари ва халқаро шартномаларига мувофиқлигини аниқлаши;
бошқа халқаро шартномаларнинг қайси қоидалари ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки янги халқаро шартнома тузилиши муносабати билан унинг иштирокчилари ўртасида бошқа халқаро шартномалар амал қилиши тўхтатилиши лозимлигини аниқлаши;
халқаро шартнома тузилиши муносабати билан қабул қилиниши, ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши ва (ёки) ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқлаши зарур.
Халқаро шартнома лойиҳаси қуйидаги талабларга мос келиши керак:
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига зид келмаслиги;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларини такрорламаслиги (айни бир масала бўйича иккита ёки ундан кўп шартнома тузишга йўл қўйилмайди);
















