Санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар давлат хизматлари марказлари орқали берилиши мумкин
Давлат хизматлари агентлигининг хабар беришича, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар давлат хизматлари марказлари орқали берилиши мумкин. Шу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
«Вазирлар Маҳкамасининг «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Лойиҳага кўра, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил тарзда сўровномани электрон равишда тўлдирадилар», дейилади ДХА ахборот хизматининг хабарида.
Лойиҳага кўра, йўлланмаларни бериш даврийлиги қуйидагилардан иборат бўлади:
ҳар йили – навбат асосида:
– уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;
– республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахсларга;
– Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;
– ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;
– ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;
– икки йилда бир маротаба – навбат асосида:
– уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
– ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига);
– I ва II-гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;
– фуқаролар йиғинлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган фаол кексалар.
Шу ўринда бирламчи мурожаат этганлар бундан мустасно эканини эслатиб ўтиш керак.
Қайд этилишича, фаол кексалар учун санаторияларга йўлланмалар олиш мақсадида тавсияномалар бериш тартиби Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
уч йилда бир маротаба – навбат асосида:
– ёшга доир пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларга, шунингдек, умумий пенсия ёшига етган боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларга.
Лойиҳа муҳокамаси 22 июлга қадар давом этади. Мавзу юзасидан исталган шахс ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириши мумкин.
Мавзуга оид
17:47 / 15.10.2024
Тошкент туманидаги “Шифобахш сувлар” ҳудудида яна 5 та санаторий қурилади
22:35 / 19.09.2024
«Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» дастури амалга оширилади
09:11 / 03.02.2024
Ўзбекистонда санаторийга бепул йўлланмани кимлар олиши мумкинлиги маълум қилинди
21:39 / 02.02.2024