Ўзбекистон | 02:17 / 14.07.2020
7339
2 дақиқада ўқилади

Янгиер шаҳрида бир кунда 60 киши карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди

13 июль, душанба куни Янгиер шаҳрида карантин қоидаларига амал қилмаган 60 нафар фуқарога нисбатан 13 млн 380 минг сўмлик маъмурий жарималар расмийлаштирилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Маълум қилинишича, 13 июль куни Янгиер шаҳри ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси, ИИБ, ФВБ, СЭОМ, Миллий гвардия ҳамкорлигида «барча куч воситаларни жалб этган ҳолда карантин қоидаларига амал қилиш ҳолати ўрганилган».

Рейдлар 8та маҳалла — «Обод юрт», «Бинокор», «А.Жомий», «Маърифат», «Шодлик», «Бобур», «Наврўзобод», «Т.Малик» МФЙларни қамраб олган.

Ушбу тадбирларга 18 нафар шифокор, 89 нафар патронаж хамшираси, 18 нафар СЭОМ ходими (дезинфекцияловчи), 25 нафар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари, 35 нафар ички ишлар ва 12 нафар миллий гвардия ходимлари, 1та махсус дезинфекцияловчи техника, 3та патруль автомашинаси жалб этилган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

«Ўтказилган тадбирлар давомида шаҳар бўйича 20та хонадонда яшовчи 72 нафар аҳоли қамраб олиниб, фуқаролар билан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Ўтказилган ўрганишлар давомида уйда тана ҳарорати юқори бўлган фуқаролар аниқланмади.

Карантин қоидаларига амал қилмаган 60 нафар фуқарога 13 млн 380 минг сўмлик маъмурий жарималар расмийлаштирилди», – дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ДСЭНБ Янгиер филиали томонидан 6та тадбиркорлик субъектларида рейд ўтказилган ва тадбиркорлар ўз фаолиятларини карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ташкил этиш бўйича расмий огоҳлантирилган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Қайд этилишича, 13 июль ҳолатига шаҳар бўйича 2та объект карантинга олинган; уй шароитида 63та оила – 298 нафар шахс кузатувга олинган. Яна 298 киши стационар каратинда бўлиб турибди.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, эпидемия тарқалган вақтда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш БҲМнинг 5 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид