Рақобат пандемия фонида портловчи қоришмага айланмоқда

АҚШ Хитойнинг Жанубий Хитой денгизининг баъзи минтақаларидаги суверенитет ҳуқуқини тан олмаслигини эълон қилди. Икки давлатнинг ҳарбий кемалари бу минтақада тез-тез тўқнаш келмоқда ва бир-бирларининг қатъиятларини синаб кўришмоқда. АҚШнинг Covid-19 эпидемиясида Хитойни айблаши ҳам икки мамлакат ўртасидаги тангликни янада кучайтирди.

Бундай шароитда АҚШ ва Хитой ўртасида янги «совуқ уруш» бошландими?», «Бу урушда ким ғолиб чиқади?», «Европа Иттифоқи, Россия, Ҳиндистон каби марказларнинг «совуқ уруш»га муносабати қандай бўлади?» каби саволлар туғилиши ортидан келажак ҳақидаги хавотирли мунозаралар кучаймоқда.

Чунки тарихдан маълумки, бир «супер куч»нинг қаршисида янги бир «супер куч» пайдо бўлганда, халқаро муносабатларнинг қоидалари ва динамикаси тезда ўзгара бошлайди.

Таъкидлаш жоизки, икки куч ўртасида нафақат иқтисодий, сиёсий ва технологик, балки ҳарбий рақобат ҳам борган сари кучаймоқда. «Иккиламчи кучлар» ушбу тўқнашувда ўз ўрнини топишга ва икки томондан бирини танлашга мажбур бўлиши сабабли халқаро беқарорлик кучайиб бормоқда. Агар ушбу зиддият таркибига пандемия ва тарихда мисли кўрилмаган иқтисодий инқирозни ҳам қўшадиган бўлсак, у нақ портловчи қоришмаган айланади. Айниқса, «супер куч»лардан бирининг кун тартибида бошқарув ўзгариши, президентлик ва Сенат сайловлари турган бўлса...

«Chimerica» орзуси қандай барҳам топди?

 

GETTY IMAGES

«Совуқ уруш» даврида АҚШдаги Никсон маъмурияти советлар иттифоқини яккалаб қўйиш учун Хитой маъмурияти билан ҳамкорлик қилиш жараёнини бошлади.

1978 йилдаги ислоҳотлар билан Хитой маъмурияти ўз иқтисодиётини халқаро капиталга очгандан кейинги жараён 2007 йилдаги жаҳон молиявий инқирози ва Дональд Трамп АҚШ президенти бўлгунга қадар, айниқса, 2007 йилда Хитойнинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлгунича кучайишда давом этди.

Ушбу даврда АҚШ ва Ғарбий капитализм ўртача йиллик 10 фоиз ўсишда давом этаётган Хитой иқтисодиётидан инвестиция майдони ва бозор сифатида фойда кўрди.

Шунингдек, Хитой ҳам иқтисодий ва технологик ривожланишини жадаллаштиришга имкон берадиган ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.