Ўзбекистон | 16:14 / 18.07.2020
20046
3 дақиқада ўқилади

Вертолётларда дори сепиш режаси йўқ, аммо ёлғон хабарга жавобгарлик бор

17 июль куни ижтимоий тармоқларда «Эртага бутун Ўзбекистон бўйича юқоридан дезинфекция учун дори сепилади. Дераза ва балконлар ёпиқ бўлиши лозим. Ҳеч ким ташқарига чиқмаслиги керак, чунки юқоридан доридан қочган вирус ёғилади», деган хабар тарқалди.

Соғлом ақлга сиғмайдиган бу хабар оғиздан-оғизга, каналлардан каналларга кўчди. Унга ишонганлар ҳам табиийки кўплаб топилди.

Таъкидлаш жоиз, бу бундай мазмундаги хабарларнинг биринчиси эмас. Карантин энди бошланганда, 16 март куни ижтимоий тармоқлар, хусусан телеграм каналларда «Бугун 23:00 ва тонгги 5:00гача вертолётлар дезинфекция учун дори сепади. Дераза ва балконлар ёпиқ бўлиши лозим ва соат 23:00дан кейин кўчаларда юриш мумкин эмас. Ҳарбий қисмдан хабар беришди», деган хабарлар тарқалганди.

Дастлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу хабарни рад этган, шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати ҳам ўз муносабатини билдирганди:

«Мазкур хабар сохта ва уйдирма бўлиб, ҳеч қандай асос ва мантиққа эга эмас. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса бундай мазмундаги сохта ва ёлғон хабарларга эътибор бермасликларини ва кўр-кўрона тарқатмасликларини сўраймиз. Бундай пайтда фақат расмий манбага таяниш кераклигини яни бир бор илтимос қиламиз» – дейилганди унда.

Бу сафар табиийки бундай мазмундаги хабарларга расман муносабат билдириш ҳам лозим топилмади. Чунки оддий мантиққа суянилса, уларнинг нақадар асоссизлиги маълум бўлади. Аввало, вертолётлар орқали дезинфекция қилиш режаси бирор марта кўриб чиқилмаган.

Иккинчидан, нафақат бутун Ўзбекистон ҳудудини, балки ўртача бир туман ҳудудини ҳам вертолётда дезинфекция қилиш орқали тўлиқ қамраб олиш қийин. Ва ниҳоят учинчидан, вирус онгли мавжудот эмаски, юқори дориланганда пастга қочиб тушса ва одамларга ёпишса.

Вертолётларда дори сепиш режаси бўлмаса-да, ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик бор ва бу ҳақда АОКА бош директори в.б. Дилшод Саиджонов эслатиб ўтган:

«Ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Демак бундай ваҳималарга чалғишга бирор бир сабаб йўқ.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид