Ўзбекистон | 15:38 / 21.07.2020
6236
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда 371 киши, 2017 йилдан буён эса 2360 нафар шахс судлар томонидан оқланган – Олий суд раиси ўринбосари

2020 йилнинг биринчи ярмида 371 нафар шахс оқланган. 2017 йилдан бошлаб шу кунга қадар республика бўйича оқланганлар сони 2360 нафарга етган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов маълум қилди.

«2020 йилнинг биринчи ярмида 256 та жиноят иши бўйича 371 нафар шахс оқланган. 2017 йилдан бошлаб шу кунга қадар республика бўйича 1554 жиноят иши бўйича 2360 нафар шахс бугунги кунга қадар тўлиқ оқланган.

Бундан ташқари, ярим йил давомида 550 та иш бўйича 1111 та дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган, асоссиз айбловлар чиқарилган. 2017 йилдан 2020 йилнинг шу кунига қадар бу кўрсаткич 9193 тани ташкил этади.

Оқланган шахслар томонидан асоссиз жавобгарликка тортилиши оқибатида етказилган мулкий ва маънавий зарарни ундириш бўйича киритилган даъво аризаларига мувофиқ судлар томонидан 290 та иш кўрилган бўлиб, шундан 267 таси қаноатлантирилган ва бунинг натижасида ноқонуний жиноий таъқиб оқибатида жабр кўрган фуқароларимизга 34 млрд 378 млн.дан ошиқ мулкий ва маънавий зарар тўлиқ ундириб берилган», дея Икром Муслимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Олий суд мулозими Жарқўрғон ва Гулистонда суд ходимларига нисбатан куч ишлатилиши ҳолати юзасидан маълумот бериб, бу борада айни пайтда Жарқурғондаги воқеа бўйича тергов, Гулистондаги судьяга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини айтган эди.

Мавзуга оид