Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига оид тақдимот билан танишди.
«Мамлакатда бунёдкорлик кўлами йил сайин кенгаймоқда. Узоқни ўйлаб, ҳудудларда урбанизация жараёни амалга ошириляпти. Қишлоқ жойларда ҳам қурилиш ишлари жадал.
Булар, албатта, соҳани такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ипотека бозорини ривожлантиришни тақозо этади. Охирги уч йилда шу масалалар бўйича Президентнинг қирққа яқин қарори қабул қилинди.
Бу саъй-ҳаракатларнинг изчил давоми сифатида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 мартдаги фармонида қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, барча босқичларда шаффофликни таъминлаш, инновацион ишланмалар ва илғор ахборот технологияларини кенг қўллаш чора-тадбирлари белгиланган эди.
Қурилиш вазирлиги олдига 337та шаҳарсозлик қоида ва нормаларидан жорий йилда 60тасини янгилаш вазифаси қўйилган. Йил бошида вазирликда Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилиб, унга 15 нафар малакали мутахассис олинган. Ҳозирда 33та янги шаҳарсозлик қоида ва нормалари ишлаб чиқилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун илғор тажрибага эга хорижий компанияни жалб этиш бўйича кўрсатма берилди.
Президент соҳада коррупция ва «хуфиёна иқтисодиёт» ҳолатларини кескин танқид қилиб, қурилиш тендерларини ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатда 32 мингта пудрат ташкилоти бор. Жорий йил 1 сентябрга қадар қурилиш корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, давлат харидлари, ишчи-ходимлар малакаси каби маълумотларни қамраб олувчи ягона платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бу платформа 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан республика бўйича жорий этилади. Унга электрон меҳнат дафтарчаси тизими ҳам интеграция қилинади.
«Таҳлилларга кўра, сўнгги икки йилда давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган.
Шу боис кейинги йилдан бошлаб, янги ахборот тизимига киритилган ва рейтинги юритиладиган қурилиш-пудрат корхоналарига маблағ ажратилиши белгиланди.
Қурилиш соҳасида муаллифлик, техник ва давлат назоратини такомиллаштириш борасида алоҳида қарор қабул қилиб, барча шароитлар яратиб берилган. Эндиги вазифа – назоратни ҳозиргидек қўлда эмас, балки IT-технологияларни жорий қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги таъкидланди», дейилади хабарда.

















