«Бугунги кунга қадар Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 6,5 триллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Сарф-харажатларнинг биринчи йўналиши коронавирус тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ. Бу йўналишда дори воситалари, тиббий буюмлар ва шифокорларга тўлаб бериладиган моддий рағбатлар, тест таҳлиллари учун пул ажратилган», деди Дилшод Султонов пресс-клубда.
Вазир ўринбосарининг қайд этишича, жамғармадан инфраструктура тузилмалари учун, яъни ичимлик суви, ирригация, мелиорация, мактаблар таъмири ва шифохоналар қурилиши учун ҳам маблағлар сарфланган.
Таъкидланишича, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари доирасида ишсиз қолган фуқароларни вақтинча ишларга жалб қилиш учун 200 миллиард, ишсиз, кам таъминланган оилаларнинг шахсий томорқасини ривожлантириш учун 50 миллиард сарфланган.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини ва бизнесни қўллаб қувватлаш учун 2 триллион сўм ажратилган. Энг кўп зарар кўрган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ ва карантин даврида иш фаолияти тўхтаган Тошкент метрополитени каби компанияларни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратилган.
«Инқирозга қарши кураш жамғармасидан сарфланаётган харажатлар Молия вазирлиги сайтида ҳам очиқ тарзда эълон қилиб борилмоқда», дея қўшимча қилди Дилшод Султонов.
Молия вазирлиги 17 июль куни вазирлик ҳузуридаги жамғарма харажатлари ва даромадлари бўйича маълумотларни эълон қилганди. Унга кўра, даромадлар 7,44 триллион сўм, харажатлар 6,4 триллион сўмга тенг бўлган.
Даромадларнинг 7,32 трлн сўмлик қисмини халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ташкил этади, 123,5 млрд сўм давлат бюджети ҳисобидан ажратилган.

Харажатлар
Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 907 млрд сўм:
- Шахсий ҳимоя, дезинфекция ва изоляция воситалари, тест (ПЗР) диагностикумлари, дори ва тиббий техника воситаларини харид қилишга 375 млрд сўм;
- Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган тиббиёт ходимларига махсус ҳамда қўшимча рағбатлантиришга, карантин тадбирларига жалб қилинган ходимларга кунлик 6 фоизлик қўшимча тўловлар учун 202 млрд сўм;




















