Жамият | 14:47 / 23.07.2020
15175
2 дақиқада ўқилади

Китоб тумани СЭОМ бошлиғи пора билан қўлга тушди

Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази Китоб тумани филиали бошлиғи​ пора билан қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz'га хабар берди.

«Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Китоб туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қашқадарё вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик маркази Китоб туман филиали бошлиғи Қ.Н. фуқаро М.Ю.дан фуқаролар томонидан карантин қоидаларини бузиб, ниқобсиз юрганликлари ҳолати юзасидан уларга нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 800 минг пора талаб қилиб, шундан 600 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», - дейилади БП маълумотида.​

Мазкур ҳолат юзасидан филиал бошлиғи Қ.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси («пора олиш»​) 2-қисми «в»​ банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.​

Бундан ташқари, СЭО марказларга ажратилган пулларнинг талон-торож қилиниши билан боғлиқ ​кўплаб ҳолатлар аниқланмоқда. Масалан, Андижон вилоятида СЭОМ мансабдор шахслари 159,3 млн сўм миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда​. Шунингдек,  Қашқадарё вилоят СЭОМда 917,8 миллион сўм, Наманган вилоят СЭОМда 248,9 млн сўм, Навоий вилоят СЭОМда 222,3 млн сўм, Бухоро вилоят СЭОМда 204,6 млн сўм маблағ талон-торож бўлгани аниқланган эди.​

Бу ҳолатларнинг барчаси дезинфекция воситаларини бозор нархидан қиммат нархларда харид қилиш билан боғлиқ.​

 

Мавзуга оид