Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра ёнғин бугун, 29 июль куни эрталаб содир бўлган. Ёнғин хавфсизлиги отрядлари офатни бартараф этишган.
Бухоро вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz`га маълум қилишича, 29 июль куни соат 09:50да Жондор тумани фавқулодда фазиятлар бўлими диспетчерлик хизматига ёнғин ҳақида хабар келиб тушган. Хабарда «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖга қарашли 110-35-10 квли Жондор подстанциясида ёнғин бўлаётгани айтилган.
Белгиланган манзилга 5та ёнғин қутқарув автоэкипажлари жалб этилган. Ёнғин оқибатида 1 дона 10 000 квли трансформаторнинг ички қисмидаги электр симлари ва 15 тонна мой ёнган.



Ёнғин содир бўлган манзилга 3 км. масофадан соат 10:00да ёнғин қутқарув бўлинмалари етиб бориб, 10:25да аланга ўраб олинган ва 11:30да батамом ўчирилган. Ёнғин сабаб фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган. Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг аниқлик киритишича, ёнғин оқибатида тумандаги 52та маҳалланинг 50тасида электр таъминоти узилган.















