Жаҳон | 12:10 / 29.07.2020
4048
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда карантин сабабли хорижий дипломатлардан Пхеньянни тарк этмаслик сўралди

Шимолий Корея ҳукумати мамлакатда коронавирусдан биринчи касалланиш ҳолати қайд қилингани сабабли хорижий дипломатларга мамлакат бўйлаб сафарлар амалга оширмай туришни тавсия қилди. Бу ҳақда Россиянинг Пхеньяндаги элчихонаси Facebook’да маълум қилган. 

Фото: KCNA

Хабарда таъкидланишича, 28 июлда элчихона Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлигининг бу ҳақидаги нотасини олган.

Нотада Кэсон шаҳрида ҳалокатли ва вайронкор фалокат хавфи юзага келгани ҳамда давлатнинг фавқулодда эпидемияга қарши тизимининг энг юқори тоифадаги фавқулодда тизимга ўтиши сабабли Шимолий Кореядаги дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ходимлари риоя қилишлари керак бўлган ҳаракатлар тартиби эслатиб ўтилган. 

Жумладан, Шимолий Корея ҳукумати дипломатларга пойтахт Пхеньян ташқарисига чиқмасликни, оммавий тадбирлар ўтказмасликни, гавжум жойларга бормасликни, шаҳар бўйлаб 4-5 кишидан кўпроқ бўлиб сайр қилмасликни ҳамда шаҳарга чиққанда ниқоб тақишни тавсия қилган.

Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги “халқ фаровонлиги ва давлат хавфсизлиги таъминланиши учун хорижий дипломатлар белгиланган ҳаракатлар тартибига онгли равишда амал қилишларига” умид билдириб қолган. 

Шимолий Корея ҳукумати 26 июлда мамлакатда коронавирусдан биринчи касалланиш ҳолати Жанубий Кореядан қайтган қочоқда аниқлангани ҳақида хабар берди. Аввалроқ, Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари 3 йил аввал қочиб кетган одам 19 июлда қирғоқ бўйидаги Кэсон шаҳрига сузиб келгани ва унинг янги коронавирусга чалингани эҳтимоли борлиги ҳақида хабар берган. Шу сабабли Кэсонда 24 июлда қатъий карантин тартиби киритилган. 25 июлда эса Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ушбу вазиятни муҳокама қилиш учун Корея Меҳнат партияси марказий қўмитасининг шошилинч йиғилишини ўтказган. У йиғилишда бошқа масалалар қаторида коронавирус тарқалиши олдини олиш учун максимал шайлик ҳолатига ўтиш мумкинлиги ҳақида гапирган.  

Расмий маълумотларга кўра, бу ҳолатгача Шимолий Кореяда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд қилинмаганди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид