2020 йил 2 август куни Kun.uz сайтида «Туркияда 40дан ортиқ ўзбекистонлик чартер рейсдан қолиб кетди – айбдор ким?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда жорий йилнинг 16 ва 30 июль кунлари Истанбул-Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича «Турк ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг чартер рейси ташкил этилгани, бироқ биринчи рейсдан 11 киши, иккинчисидан 31 киши, жами 42 киши чипта харид қилгани ҳолда қолиб кетгани, айримларининг чиптаси самолёт учиб кетганидан кейин авиакомпания вакили томонидан олиниб, бортга чиқиш қисми қайтариб берилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллиги ўзининг Telegram саҳифасида мақола юзасидан муносабати ва изоҳларини эълон қилди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Баъзи оммавий ахборот воситаларида «16 ва 30 июль кунлари «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер рейсда жами 42 ўзбекистонлик йўловчи парвоздан қолиб кетган»и ҳақидаги хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йилнинг 16 июлида қолиб кетган 12 фуқаро парвоз учун шакллантирилган рўйхатдан жой олмаган эди. «Turkish Airlines» авиакомпанияси ўз регламентига мувофиқ, парвозгача 1,5 соат вақт қолганда келмаган йўловчиларнинг ўрнига тегишли билетларни рўйхатда мавжуд бўлмаган бошқа йўловчиларга сотган. Ушбу ҳолатда билет сотиб олган фуқаро зарур ҳужжатларини тақдим этиб, тезкорлик билан чегарадан ўтиш ишларини амалга оширса, бирор муаммосиз самолёт бортига етиб олиши мумкин эди. Лекин афсуски, рўйхатда бўлмагани ҳолда билет сотиб олган фуқаролар чегарадан ўтиш жараёнида Туркия ҳудудида бўлиш қонун-қоидаларини бузганлиги аниқланган ва тегишли маъмурий чоралар кўрилган. Бунинг натижасида улар тегишли чартер парвозига ўз вақтида етиб ололмаган. Тартибга мувофиқ самолёт белгиланган вақтда Тошкентга учиб кетган.
Юқоридагига ўхшаш ҳолат 30 июлдаги парвоз вақтида ҳам кузатилган. Маълумот ўрнида қайд этиш зарурки, Туркия республикасининг виза режимини бузган чет элликлар ҳаво йўли чегарасидан ўтиш жараёнида Туркия миграция идорасининг бўлинмасига (viza ihlali ofisi) чақирилади ва у ерда тегишли суҳбатдан ўтади. Бу ерда ҳуқуқбузарларга тегишли жаримани ихтиёрий равишда тўлаш таклиф этилади. Жаримани тўлашни рад этган ҳуқуқбузарларга нисбатан муайян муддат давомида Туркия ҳудудига киришини тақиқлашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарлик қўлланилади. Ушбу маъмурий чора-тадбирларни кўриш учун бир қанча вақт талаб этилади.

















