Жамият | 17:14 / 06.08.2020
47397
6 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг қандай асоратлари бор? Илк беморни қабул қилган шифокор билан суҳбат

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев Вирусология илмий-текшириш институти клиникасининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова билан суҳбат уюштирди.

Қайд этилишича, Муҳайё Асилова Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилган биринчи беморни қабул қилган, бугунгача ўзи ва жамоаси билан коронавирусга чалинган минглаб беморларни даволаб келмоқда.

Фурқат Санаев ва Муҳайё Асилова / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

– Муҳайё опа, неча йилдан буён шифокорлик касбидасиз?

– Ушбу соҳада 32 йилдан бери фаолият юритяпман. 1996 йилдан бери, Вирусология илмий-текшириш институти очилган дастлабки йиллардан буён шу ерда фаолият юритиб келаман. Муассасамизда ҳар доим оғир беморлар бўлган. Айниқса, диарея билан олиб келинган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда, ҳатто бир дақиқа ҳам аҳамиятли. Шифокорларимиз режа билан ишламайди, яъни келган беморга зудлик билан ёрдам кўрсатади. Қолаверса, ўта юқумли касалликлар ҳам айнан бизнинг шифохонага келади. Шифокорлик қасамимизни, унинг заҳматини ҳар бир беморни даволаш чоғида эслаймиз.

– Коронавирус инфекцияси юртимизга кириб келган дақиқалардан буён касаллик ўчоғидасиз. Илк бор Covid-19 инфекцияси қайд этилганда қай ҳолатга тушгансиз?

– Ўзбекистонда коронавирус жорий йил 15 март куни илк бор институтимиз клиникаси лабораториясида аниқланди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша куни кечаси соат 3:00 атрофида лаборатория ходимлари қўнғироқ қилиб, хориждан келган ватандошимизнинг натижалари мусбат чиққани ҳақида хабар беришди. Очиғи, ўша кунгача бу офат бизга етиб келмаслигига умид бор эди. Дарҳол шифохонага етиб бордим ва вирус юқтирган бемор ётган палатага кирдим. Унинг ўзи ҳали коронавирусга чалинганидан бехабар эди. Натижа ҳақида хабар берганимизда, у, табиийки тушкунликка тушди. «Болаларим энди нима бўлади, пневмониядан ўлиб кетаманми?» дерди.

Вақт йўқотишимиз мумкин эмасди. Дарҳол даволашни бошладик. Жараён жуда тез бошланиб кетди, лекин бемордан кўра, ўзимда қўрқув катта эди. Шундай бўлса-да, даволаш чораларини ва карантинни тўғри ташкил қила олдик. Беморлар ошишини ҳисобга олиб, ўша куннинг ўзида барча ходимларга беморларга сидқидилдан хизмат кўрсатишимизни айтдим. Шукрки, ҳеч бир ходимим беморларга қарашдан бош тортмади. Ходимларимга намуна бўлишим учун ҳам беморлар парваришида ўзим иштирок этдим.

– Беморларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз, даволаяпсиз, ҳатто ўлимларга ҳам гувоҳ бўляпсиз...

– Шахсан ўзим дастлабки уч ой шифохонадан чиқмай ишладим. Шу давр мобайнида кўрсатган ёрдамларимизга қарамай кўз олдимизда вафот этган бемор бўлди. Коронавируснинг хавфли эканига ишонмаётган юртдошларимга айтар сўзим: вирус мавжуд ва у ўз ўлжаларини таслим қилмоқда. Айниқса, ҳозирда коронавирус штаммининг оғир тури келмоқда. Кўчада ниқобсиз ва масофа сақламай юрганлар ҳаёт учун курашаётган беморлар ҳолатини ўз кўзи билан кўрса, балки ўшанда жиддий қарарди. Кўпчилик «Қачон вирус тугайди?», деб сўрашади. Агар касаллик занжирини узмасак, вакцина ишлаб чиқилмагунча шу ҳаётда яшаймиз.

– Коронавируснинг қандай салбий асоратлари бор?

– Унинг энг катта хавфи ўпка фиброзига, яъни чандиғига олиб келади. Ҳаво етиб бориш клапанларини ёпади. Натижада, бемор кейинчалик нафас ва юрак етишмовчилигидан азият чекади. Ўпка чандиғи узоқ йилларда тикланади. Гоҳида бу бир умрлик ногиронликка ҳам олиб келиши мумкин.

– Ушбу касаллик юртимизга кириб келганига ҳам беш ойга яқин вақт ўтди. Сиз дастлаб уч ой узлуксиз ишлаб, қисқа муддатли танаффусдан сўнг яна клиникага қайтдингиз. Айтинг-чи, амалиётингизда қайта касалланганлар ҳам учрадими?

– Йўқ, учрамади. Юқумли касалликлар даволанганидан сўнг, организмда ҳимоя антителалари ишга тушади ва худди шу вирус организмга тушганда бу касаллик сифатида кечмайди. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, ҳар бир организм алоҳида индивидуал. Айрим инсонларда ҳимоя қилиш ҳужайралари ишлаб чиқилмаслиги мумкин. Айтганингиздек, орадан беш ой вақт ўтди, аммо Covid-19’дан зарарланган беморлар бизга қайтиб мурожаат қилгани йўқ.

– Касалликка чалинганлар асосан неча кунда шифохонадан чиқмоқда?

– Енгил турини юқтирганлар 7-8, ўрта аҳволдагилар 10-12 кун, оғир турини бошидан ўтказаётганлар эса ойлаб даволанмоқда. Ҳар битта беморга даво чоралари кўрилганидан кейин коронавирусга тест топширади. Қачон натижа манфий кўрсатса, ўшанда шифохонадан чиқади.

– Келгусида қандай орзуларингизнинг амалга ошишини истардингиз?

– Мен шифокорликни бутун машаққатию заҳматини англаб, уни ўз елкамга олиб, шу касбни танлаганман. 50 ёшимда докторлик диссертациясини инглиз тилида ёқладим. Касбим сабаб, минглаб одамларнинг мушкулини осон қилиб, дуосини олдим. Яқинда Президентимиз Фармони билан юксак давлат мукофотига лойиқ деб топилдим. Жуда ҳам бахтлиман. Бир фарзанднинг онаси, уч нафар ширин набиранинг бувижонисиман. Тезроқ коронавирус балоси бутун оламдан кўтарилиб, бир-биримиз билан эркин дийдорлашиш насиб этишини жуда жуда орзу қиламан. Ўзбекистондан тиббиёт соҳасида олималар кўпайса, бундан фахрланаман.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Мавзуга оид