Табиийки, бундай катта ҳажмдаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишида қурилиш материалларига бўлган талаб ортиб боради.

Шу боис, ушбу йўналишдаги ишларни тўғри йўлга қўйиш, янги турдаги, энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соҳага инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4198-сонли ва 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сонли қарорлари билан қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш истиқболлари ва стратегиясини белгилаб берилди. 

2016 йилда жадал суръатлар билан бошланган ишлар бугунги кунда ўз мевасини бериб, соҳада жиддий ўзгаришлар ва натижалар кузатилмоқда.

Хусусан, соҳада фаолият кўрсатаётган корхоналар сони бугунги кунга келиб 10 мингтадан ошди. Ўтган йилларда 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 180тадан ошиб кетди.

Мисол учун, базальт тошидан арматура, гулқоғоз, ленолиум, деворбоп маҳсулотлардан газобетон ва пенобетон каби бир қатор янги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Соҳа бўйича 2016 йилда 6,8 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 16,8 триллион сўмга етказилди.

Таъкидлаш жоиз, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга инвестицияларни кенг жалб қилишга катта эътибор қаратилиб, республикамизда яратилган қулай инвестицион муҳит туфайли бу борада катта натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, 2016 йилда соҳага 360 миллион доллар инвестиция жалб қилинган бўлса, ўтган 2019 йилда ушбу кўрсаткич 1,3 миллиард долларга етказилди. Ушбу, жалб қилинган инвестициянинг 680,4 миллион доллари хорижий инвестиция ва кредит линияларини ташкил этди.