Интернетда инъекцион ва инфузион воситалардан, содда қилиб айтганда, осма уколлардан фойдаланиб уй шароитида коронавирусдан даволаниш билан боғлиқ чора-тадбирлар бўйича турли мулоҳазалар пайдо бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев масалага аниқлик киритиш мақсадида Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова билан суҳбат уюштирди.

— Вазирлик томонидан қабул қилинаётган коронавирусга қарши кураш бўйича кўрсатма ва буйруқлар билан танишсиз. Қарийб беш ойдан буён тиббий фронтда туриб, беморларга амалий ёрдам бераётган шифокор сифатида бу тавсиялар қанчалик муҳим дея оласиз?
— Жуда муҳим. Шифокорларимиз касалланганларни иложи борича тезроқ аниқлаб, даво чораларини кўришга ва касалликнинг салбий оқибатларини имкон қадар қисқартириш учун ҳаракат қилмоқда. Аммо бу ҳаракатларни ҳар ким ҳар хил талқин қилаётганини кўриб ранжийди киши. Масалан, шу йил 6 августда қабул қилинган Соғлиқни сақлаш вазирининг «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида»ги буйруғи атрофида ҳам шундай гап-сўзлар айланиб юрибди. Буйруқда хаммага аниқ ва тушунарли қилиб, инъекцион ва инфузион воситалардан махсус касалхонадан бошқа жойда фойдаланмаслик, уй шароитида уларни қўлламасликка оид тавсиялар келтирилган. Масаланинг муҳимлиги шундаки, фақат мутахассис назоратисиз даволанишни чеклаш назарда тутилмоқда, холос.
— Осма уколларни уй шароитида қўллаш шунчалик хавфлими? Бу хавф нималарда кўринади?
— Касаллик авж олган пайтда организм аъзоларининг фаолияти нисбатан секинлашади. Бунинг устига, иссиқ кунларда пасайиши кузатиладиган буйрак филтрацияси жараёнини касаллик янада сустлаштириб юборади. Натижада организмдаги суюқликни ташқарига чиқаришда қийинчиликлар пайдо бўлади. Шундай вазиятда инфузион воситалар орқали вена қон томирларига суюқлик юборилса, улар тана ҳужайраларида йиғилиб қолади. Бу беморнинг ҳаёти учун катта хавф туғдиради. Энг ачинарлиси, уй шароитида даволанганда бунинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун имкон бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, бу муолажаларни бутун дунёда бўлгани каби махсус шифохоналарда, беморнинг умумий ҳолати малакали мутахассислар назорати остида бўлганда ўтказиш сўралмоқда. Бу асосли талаб, дея қатъий айтиш мумкин.
—













